Алишер Навоий таваллуди муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
2026-02-09 10:35:00 / Янгиликлар

Буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан туман марказида жойлашган 3-сонли мусиқа мактабида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Навоий бобомизнинг бебаҳо адабий мероси, миллий ўзликни англаш ва юксак инсоний фазилатларни тарғиб этиш ғоялари асосида ташкил этилди. Мазкур тадбирда туман ҳокимлиги вакиллари, Маънавият ва маърифат туман бўлинмаси, Маданият бўлими, Нуронийлар бўлими, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, халқ депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар Алишер Навоий ижодининг бугунги ёш авлод тарбиясидаги ўрни, унинг асарларида акс этган ватанпарварлик, адолат ва инсонпарварлик ғоялари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди.
Тадбир давомида мусиқа мактаби ва 1-сонли мактаб ўқувчилари томонидан Навоий ғазалларига басталанган куй-қўшиқлар ижро этилиб, адабий-бадиий чиқишлар намойиш этилди. Ушбу тадбир иштирокчиларда буюк аждодларимиз меросига бўлган ҳурмат ва эътибор туйғуларини янада мустаҳкамлади.





