Миришкорда бошоқли дон экинлари парваришига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди
2026-02-03 11:40:00 / Янгиликлар

Миришкор тумани “Жейнов” ҳудудида қишлоқ хўжалигини илмий асосда ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда замонавий агротехнологияларни амалиётга кенг жорий этишга қаратилган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда Миришкор тумани ҳокими Файзулло Ғуломов, Қашқадарё вилояти прокурорининг ўринбосари Ўктам Юсупов, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Облоёр Боймиров, Агроинспекциянинг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Султонмурод Донаев, шунингдек, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Кўргазмали семинар 2026-йил ҳосили учун парваришланаётган бошоқли дон экин майдонларида ташкил этилиб, унда жорий мавсумда жорий этилаётган илғор агротехник тадбирлар муҳокама қилинди.
Хусусан, “Шинжон” тажрибаси асосида 76х10 сантиметрли қўшқатор схема асосида экин экиш, сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш, маҳаллий ўғитларни тайёрлаш ва қўллаш, шарбат усулида суғориш тизимини жорий этиш, дала четларидан самарали фойдаланиш, ғалла майдонларини минерал ўғитлар билан озиқлантириш ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, фермерларга амалий тавсиялар берилиб, ҳар бир агротехник жараённинг ҳосилдорликка таъсири мисоллар орқали тушунтириб ўтилди. Семинар якунида фермер хўжаликлари ҳудудларида суғориш тизимини яхшилаш мақсадида ариқларни бетонлаш ишлари бошлаб юборилди.
Тадбир доирасида раҳбарлар томонидан дала четларига мевали дарахтлар экилиб, қишлоқ хўжалигида самарали ер фойдаланиш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда келгусида қўшимча даромад манбаларини яратиш борасидаги эзгу ташаббуслар амалда намоён этилди.



