Миришкор тумани прокурори Сардор Назаровнинг туман аҳолисига мурожаа
2025-12-09 21:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли миришкoрликлар!
Юртимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Президентибиз ташаббуслари билан маҳалларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини замонавий босқичга кўтариш бўйича қатор долзарб вазифалар белгилаб бериллиб, бунинг самараси ҳар бир ҳудудда, жумладан, Миришкор туманида ҳам сезилмоқда.
Азиз тумандошлар!
Афсуски, сўнгги вақтларда фирибгарликнинг замонавий кўринишлари, хусусан пластик карталардан ноқонуний пул ечиш кўпайиб бормоқда. Жумладан, “соврин ютдингиз”, “онлайн дўконларда чегирма”, “нафақа тарқатилмоқда”, “бу расмдаги сизми?”, “МИБдан қарздорлик” каби ёлғон хабарлар орқали одамларни чалғитиш ҳолатлари ҳануз учрамоқда. Ушбу ҳаракатларнинг асосий мақсади — Сизни алдаш ва мол-мулкингизга зарар етказишдир.
Шу боис Сизларга қуйидаги муҳим профилактик тавсияларни яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз:
- Мобиль иловаларни фақат ишончли ва расмий манбалардaн — Google Play ёки App Store’дан юклаб олинг.
- “СудҚарори.apk”, “МИБдан қарздорлик.apk” каби таниш бўлмаган файллар ва гумонли хабарни очишдан сақланинг.
- Шунингдек, хонадонингиздаги мол-мулк, айниқса чорва молларингиз хавфсизлигини таъминлашда бефарқ бўлманг. Зарур бўлса қўшимча кузатув воситалари, ёритиш тизимлари ва қулф-тақдим воситаларидан фойдаланинг.
Ҳурматли юртдошлар!
Жиноятчиликка қарши курашиш — бу нафаќат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси, балки ҳар биримизнинг фуқаролик масъулиятимиздир. Огоҳлик, ҳушёрлик ва ўзаро ҳамкорлик жиноятга қарши энг ишончли чорадир.
Шуни ёдда тутинг: Жиноятга жаза муқаррар. Бугунги огоҳлик — хавфсизлигимиз, фаровонлигимиз ва осойишталигимиздир!
Ҳурмат билан,
Сардор Назаров
Миришкор тумани прокурори
