Миришкор чўл ҳудудларида яйловларни тиклаш бўйича йирик амалий-кўргазмали семинар ўтказилди
2025-12-09 11:00:00 / Янгиликлар

Миришкор тумани марказидан 30 километр узоқликдаги Авазчўл кенгликларида жойлашган “Бўстон” маҳалласи ҳудудида деградацияга учраган яйлов майдонларини рекультивация қилиш, чўл зонаси учун хос яйлов ўсимликларининг бирламчи уруғчилики плантацияларини барпо этиш ҳамда яйловларни босқичма-босқич яшиллаштиришга бағишланган амалий-кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокими Файзулло Ғуломов, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидан ташриф буюрган илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, Қашқадарё вилояти ҳудудий яйлов хўжаликлари бошқармаси раҳбари Фурқат Турсунов, Туркман миллий маданий маркази раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Умрзоқ Қувватов, вилояти Кенгаши депутати, “Ғофур Ғулом” чорвачилик МЧЖ раҳбари Неъмат Жумақулов ҳамда вилоятда фаолият юритаётган яйлов чорвачилиги йўналишидаги 10 та МЧЖ раҳбарлари, маҳаллалар, Экологик партия вакиллари, жами 500 нафарга яқин иштирокчи ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Миришкор туманида Республика Чорвачилик ва Ветеринарияни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан чўл ландшафтларини тиклашга қаратилган йирик экологик-агроботаник лойиҳа амалийотга жорий этилди.
Ўтган йилда 1000 гектар майдон рекультивация қилинган бўлса, жорий йилда ҳашар ва жамоатчилик иштирокида яна 1000 гектарда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган 14 турдаги қимматли кўп йиллик чўл ўсимликларининг — саксовул, қараған, черкес, илоқ, изен, коврак, чуққан ва бошқа нойоб флора вакилларининг уруғлари экилди. Ушбу ишлар минтақанинг яйлов потенциалини ошириш, шамол эрозиясига қарши табиий тўсиқни шакллантириш ҳамда чорвачилик учун барқарор ем-озуқа базасини яратишга хизмат қилади.
Семинар доирасида яйлов хўжалигига оид илмий-амалий ишланмалар, соҳаларга оид препаратлар, чўл ўсимликларининг уруғчилик технологиялари, агротехник тадбирлар намойиш этилди. Шунингдек, туячилик, йилқичилик, қўйчилик, овчилик, қолаверса, агротехника воситалари ҳамда маҳаллий миллий таомлар кўргазмалари ташкиллаштирилиб, иштирокчиларга кенг қамровли маълумотлар тақдим қилинди.
Айтиб ўтиш жоизки, ушбу ташаббус Миришкор туманида экологик барқарорликни таъминлаш, чўл ландшафтларининг табиий ресурс салоҳиятини тиклаш ва яйлов чорвачилигини замонавий илмий ёндашувлар асосида ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.









