Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ҳоким табриги
2025-12-08 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Бугун халқимиз ҳаётида юксак маънавий аҳамиятга эга бўлган, мустақил, суврен ва демократик Ўзбекистон давлатининг мустаҳкам пойдеворини барпо этган улуғ ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Шу қутлуғ айём билан Сиз, азиз ҳамюртларимни чин дилдан муборакбод этаман!
Асосий Қонунимиз жамият ҳаётининг барча соҳаларида изчил амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг юридик асосини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли кафолатини яратиб келмоқда. Бугун Конституциямизда белгиланган тамойиллар асосида миллий қонунчилик тизими, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқаролик жамияти институтлари ривожланиб, барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётгани – халқимизнинг дунёқараши, салоҳияти ва онгининг юксалаётгани билан ҳамоҳангдир.
Маълумки, ҳар бир демократик жамият тараққиётининг асосий мезони – унинг Конституциясидир. Чунки Конституция давлатнинг келажак йўлини, тараққиётининг стратегик мақсадларини белгилаб берадиган бош қонун саналади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев сайъ ҳаракатларининг амалий ифодаси сифатида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ислоҳотларнинг бош ғоясига айланди. Бу тамойилни амалиётга татбиқ этиш жараёнида “инсон – жамият – давлат” концепциясининг конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши бежиз эмас.
Шу боис, Асосий Қонунимизни бугунги ҳаёт суръатлари ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига мос ҳолда такомиллаштириш вазифаси давлатимиз олдида турган энг муҳим масалалардан биридир.
Халқимизнинг таклиф ва истаклари асосида Конституциявий комиссия томонидан қатор ўзгартиш ва қўшимчалар ишлаб чиқилиб, халқчил, адолатпарвар Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилгани ҳам бу йўлдаги муҳим қадам бўлди.
Қадрли юртдошлар!
Мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг марказида инсон манфаатлари, унинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини юксалтириш ғояси мужассам. Зеро, инсон фаровон ҳаёт кечирса, илм-фан, меҳнат ва бунёдкорлик йўлида эркин интилиб яшаса – жамият ва давлат барқарор ривожланади.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда:
“Инсон қадрини юксалтириш – давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва энг устувор вазифасидир.”
Азиз ҳамшаҳарлар!
Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз, қўлга киритаётган ютуқларимиз – барчамизнинг меҳнати, масъулияти ва юрт тақдирига бефарқ бўлмаган фаол фуқаролик позициямизга чамбарчас боғлиқ. Яхши яшаш, юксак марраларга эришиш аввало ўз қўлимизда.
Аждодларимизнинг бой мероси, халқимизнинг бунёдкорлик руҳи, илмга чанқоқлиги ва тадбиркорлик салоҳияти бизга ҳар қандай маррани забт этиш учун куч-қудрат бағишлайди.
Сизларни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги билан чин дилдан табриклайман.
Ватанимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Миришкор тумани ҳокими
Ғуломов Файзулло Қурбонович
