Қашқадарёда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
2025-01-20 14:00:00 / Янгиликлар
Мамлакатимизда ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларни фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган рейд тадбирида Тошкент вилояти, Зангиота туманида яшовчи фуқаро M.A. ўзига тегишли бўлган, Қарши шаҳри, “Буюк Турон“ МФЙ, Кеш кўчаси, 3/45-уйда жойлашган “Музқаймоқ сақлаш“ музлатгич хонасини Қарши шаҳар электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда тармоққа улаган ҳолда, давлат манфаатларига 107,3 миллион сўмлик зарар етказганлиги аниқланди.
Шунингдек, Департаментнинг Қарши тумани бўлими томонидан вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро A.Б. ўзининг хонадонида 2 дона майнинг аппарати ёрдамида тижорат қилиш мақсадида электр энергиясига ноқонуний равишда тўғридан-тўғри уланиб, давлат манфаатларига 372 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум бўлди.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тегишли идоралар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.