Саудия Арабистонидан муносабат: Ўзбекистон бутун дунё сармоядорлари учун катта инвестициявий имкониятларни тақдим этмоқда
2024-12-15 19:05:00 / Янгиликлар
Саудия Арабистонининг "ACWA Power" компаниясининг Марказий Осиё минтақаси бўйича операциялар раҳбари ўринбосари Аҳмад Фаҳад "Дунё" АА учун интервьюсида кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросими ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Ўзбекистон инвесторларни қўллаб-қувватловчи давлат эканлигига бу ердаги фаолиятим давомида гувоҳ бўлиб келяпман. Давлатингиз раҳбари бошчилигида барча ҳукумат вакиллари тадбиркорлар ва инвесторларга яқиндан кўмак бериб келмоқда. Ўзбекистонда бизнес қилиш учун етарли салоҳият билан бир қаторда, зарур шароит, солиқ ва шу каби ташкилий томонларда ҳам енгилликлар яратилган.
Шу ўринда, Саудия Арабистонининг Ўзбекистон билан яқин алоқалари ҳам компаниямиз фаолиятида муҳим ўрин тутмоқда. Умуман олганда, Ўзбекистон нафақат бизнинг мамлакатимиз инвесторлари учун, балки бутун дунё сармоядорлари учун катта инвестициявий имкониятларни тақдим этишга қодир.