Хитойдан муносабат: Энергетика саноати яқин йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг асосий омилига айланади
2024-12-14 17:05:00 / Янгиликлар
Хитойнинг "China Datang Overseas Investment Co., Ltd." компаниясининг Марказий Осиёдаги ваколатхонасининг бозорни ривожлантириш бўйича бош директори Ван Хао "Дунё" АА учун интервьюсида кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросими ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Бугунги кунда кўплаб давлатлар, жумладан, Хитой, йирик халқаро корпорациялар Ўзбекистонда хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун энг қулай шароитлар яратилган, деб ҳисоблайди.
Фаол ислоҳотлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани туфайли сўнгги йилларда Хитой компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиши сезиларли даражада ошди.
Компаниямиз мисолида айтишим мумкинки, ўтган йили биз 320 мегаватт қувватга эга қуёш электр станциясини қуришга инвестиция киритишни бошладик. Келгуси йилда биз 1 гигаватт қувватга эга шамол станцияси лойиҳаси устида иш бошлашни режалаштиряпмиз.
Бу лойиҳалар, бизнинг фикримизча, Ўзбекистоннинг энг истиқболли тармоқларидан бири бўлган "яшил" энергетикани ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни акс эттиради.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барқарор ривожланиш соҳасида сезиларли ўзгаришлар ва ютуқлар қўлга киритилганини кўряпмиз. Мамлакат "яшил" иқтисодиётга ўтиш учун қулай экотизим яратиш йўлида фаол ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, биз ҳозирда энергетика соҳасини ривожлантиришда навбатдаги муҳим қадам бўладиган ГЭСлар қурилишига инвестиция киритиш имкониятларини ўрганяпмиз.
Бугунги тадбир нафақат 2024 йилнинг ажойиб якуни, балки 2025 йилда янги инвестиция лойиҳалари ва ютуқлари учун бошланиш нуқтасидир. Ишончим комилки, энергетика соҳаси Ўзбекистонда ўзининг янада ривож топади ва келгуси йилларда иқтисодий ўсишнинг асосий омилига айланади.