Энергетика тармоғини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қўшма корхона ташкил этилмоқда
2024-12-06 16:55:00 / Янгиликлар
Бугун юртимизда Президентимиз раҳбарлигида энергетика соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараён доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларини (ҚТЭМ) кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Албатта, олиб борилаётган чора-тадбирлар мамлакат аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз ҳамда барқарор электр энергияси билан ишончли таъминлаш, уни нарх жиҳатидан ҳам мақбуллаштириш, шунингдек, қазилма ёқилғига бўлган эҳтиёжни камайтириш мақсадларига қаратилган. Халқаро экспертлар фикрига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда ҚТЭМни жорий этиш соҳасида ҳаттоки ривожланган мамлакатлардан ҳам илғор натижаларга эришмоқда.
Бундан ташқари, энергетика соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб, бу энергетика тизимининг самарадорлиги ва ишончлилигини таъминлашга қаратилган. Ушбу жараённинг муваффақиятли амалга оширилиши учун Ўзбекистон халқаро тажрибани ўрганиб, уни самарали татбиқ этиб келяпти.
Бу борада етакчи давлатлардан бири Хитой ҳисобланади. Хитой қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда рақамли технологияларни жорий этишда жаҳон миқёсида катта ютуқларга эришган, унинг тажрибаси кўплаб мамлакатлар учун намунадир.
Хитойнинг ушбу соҳадаги йирик муҳандислик марказларидан бири “China Energy Power Planning and Engineering Institute” (EPPEI) бўлиб, у Хитой энергетика тизимини ривожлантириш, ҚТЭМни жорий этиш ва рақамлаштириш бўйича давлат стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, EPPEI Малайзия, Бразилия, Филиппин, Лаос, Мўғулистон ҳамда бошқа мамлакатларда ҳам самарали тажрибага эга.
Халқаро илғор тажрибаларни Ўзбекистонда татбиқ этиш мақсадида EPPEI ва “O‘zenergoinjiniring” АЖ ўртасида “Silk Road Energy Planning and Engineering” қўшма корхонаси ташкил этилди.
Пойтахтимизда ушбу қўшма корхона фаолиятини бошлаши муносабати билан тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, халқаро ва маҳаллий ҳамкорлар қатнашди.
Мазкур корхона Ўзбекистон ҳукумати учун жаҳон стандартларига мос энергетика ривожланиш стратегияси ҳамда режаларини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатади. Бунда қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш ва шамол) энергия сақлаш қурилмалари, анъанавий энергия манбалари (иссиқлик, гидро) қувватлари ҳамда турларини аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжлари, электр тармоқлари имкониятлари ҳамда табиий ва бошқа ресурсларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро амалиёт ҳамда маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб аниқлашга кўмаклашади. Шунингдек, қўшма корхона электр тармоқларини рақамлаштириш жараёнида ҳам фаол иштирок этишни мақсад қилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгиб берилган устувор вазифалардан бири, бу – маҳаллий ишлаб чиқариш ва юқори қўшилган қийматга эга хизматлар даражасини оширишдан иборат. “Silk Road Energy Planning and Engineering” қўшма корхонаси бу йўналишда маҳаллий мутахассисларнинг малакасини халқаро даражага кўтариш, уларнинг инвестиция лойиҳаларидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.