Энергетика вазирлигида Ёшлар парламенти аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-11-20 18:30:00 / Янгиликлар
Бугун, 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Энергетика вазирлигига бириктирилган аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Энергетика вазирлиги масъуллари, Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.
Ёшлар парламентининг мақсади — ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ҳамда саводхонлигини ошириш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни кенг жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб этиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишда иштирок этишдан иборат.
Тадбирда вазирлик томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича янгиликлар, “оғир” тоифадаги ёшлар билан олиб борилаётган ишлар, вазирликка бириктирилган Ёшлар парламенти аъзоларининг асосий устувор вазифалари, улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш босқичлари ва ҳисобот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда келгусидаги асосий режалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, вазирлик тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, бугунги кунда ёқилғи-энергетика комплекси тизимида 100 мингдан зиёд ишчи-ходим фаолият юритади. Шундан 14 минг 315 нафари 30 ёшгача бўлган ходимларни ташкил этса, 30 ёшгача бўлган аёллар сони 1 минг 210 нафардан иборат. Бугунги кунда 281 нафар ёш раҳбарлик лавозимида ишламоқда. Уларнинг 15 нафари хотин-қизлардир.
Ҳисобот даври якуни бўйича 645 нафар ёш олий ўқув юртини битиргандан кейин ишга қабул қилинган бўлса, 585 нафар ёш коллеж ва техникумни тамомлаб, ишга кирган.
Ёш мутахассисларнинг ривожланган давлатларда тажриба орттиришини ташкил этиш мақсадида улар хориж мамлакатларига хизмат сафарларига ва таълим олиш учун нуфузли олий таълим муассасаларига юборилмоқда.