2024 йил июль ойидаги электр энергияси истеъмолига оид маълумот
2024-08-19 18:45:00 / Янгиликлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарори билан республикада жорий йил 1 майдан бошлаб, аҳоли учун электр энергиясининг бир ойлик истеъмолининг “базавий меъёрлари” тасдиқланганидан хабарингиз бор.
Унга кўра, аҳолининг бир ойлик электр энергияси истеъмолининг 200 кВт·соатгача қисмига 450 сўм, 201-1 000 кВт·соат – 900 сўм, 1001-5000 кВт·соат – 1 350 сўм, 5 001-10 000 кВт·соат 1 575 сўм, 10 000 кВт·соатдан юқори истеъмол учун 1 800 сўм нарх белгиланди (Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар учун нархлар 50 % миқдорида пасайтирилган).
Бундан асосий мақсад – аҳоли орасида электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш, электр энергияси харажатларини қоплашга ажратилаётган бюджет субсидияларини адолатли ва манзилли тақсимлаш, пировардида аҳолини электр энергияси билан ишончли таъминлаш ҳисобланишини яна бир бор таъкидлаб ўтамиз.
Мазкур чора электр энергиясига бўлган талабни бозор нархларида қондириш, соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали ишлаб чиқариш ва тақсимлаш қувватларини ошириш, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимларини такомиллаштириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига кўра 2024 йилда республика аҳолиси томонидан 21,2 млрд кВт·соат электр энергияси истеъмоли режалаштирилган.
Йил давомида ўртача ойлик истеъмоли 200 кВт·соатгача бўлган истеъмолчилар жами абонентларнинг 60%ини ташкил этиши аввал очиқланган эди.
Маълумот учун: Мазкур амалиёт нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб дунё мамлакатларида, хусусан Арманистон[1] (базавий меъёр — 200 кВт·соатгача 46,48 арман драми ёки 1520 сўм), Озарбайжон[2] (базавий меъёр 200 кВт·соатгача 8 гапик ёки 596 сўм), Туркия (базавий меъёр 240 кВт·соатгача, 1,47 лир ёки 552 сўм) ва шу каби бошқа мамлакатларда ҳам қўлланилмоқда.
Айрим мамлакатларда сув ресурслари сероблиги сабабли электр энергиясини ишлаб чиқариш харажатлари нисбатан кам. Хусусан, Тожикистонда[3] ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 98 фоизи Гидроэлектр станциялар ҳиссасига тўғри келади. Қирғизистонда[4] эса мазкур кўрсаткич 91 фоизни ташкил этади. Шу сабабли мазкур мамлакатларда тарифлар ҳам нисбатан арзон. Туркияда[5] электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмида қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 54 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари ишлаб чиқилган ҳамда мазкур манбаалар улушини 2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмини 40 фоизга етказиш режа қилинган.
Электр энергияси “базавий меъёрлари” (200 кВт·соат) белгиланганидан сўнг охирги пайтда аҳоли томонидан электр энергияси истеъмолида қуйидаги тенденциялар аниқланди.
Биринчидан, ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимлари орқали хизмат кўрсатиладиган абонентлар сони апрель – июль ойларида 21,3 минг нафарга ошиб, 31 июль ҳолатига 7 836 минг нафарга етди.
Иккинчидан, республикада аҳоли томонидан электр энергияси истеъмоли жорий йилнинг июль ойида аномал иссиқ об-ҳаво туфайли олдинги ойга нисбатан ошди.
Республикада июнь ойида жами электр энергияси истеъмоли 1,1 млрд кВт·соатни, июлда – 1,2 млрд кВт·соатни (ўсиш – 7%) ташкил этди.
Учинчидан, республикада электр энергияси истеъмоли «базавий меъёр» доирасида бўлган абонентлар сони 5,5 млн нафардан 5,4 млн нафарга, уларнинг улуши 71%дан 69%га тушди.
Тўртинчидан, республикада «базавий меъёр» истеъмолчилари аҳоли учун режалаштирилган жами электр энергияси ҳажмининг 36% истеъмол қилди (июнь ойида – 40%).
Бешинчидан, 2023 йилнинг ноябрь ойида истеъмоли 10 000 кВт·соатдан ортиқ истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми 14 млн кВт·соатни ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг июль ойига келиб бу кўрсаткич 3,96 млн кВт·соатга тенг бўлган. Истеъмол ойма-ой сурункали равишда камайиб борган. Мазкур истеъмолчилар томонидан амалга оширилган истеъмол 2023 йилнинг ноябрь ойига нисбатан 2024 йилнинг июль ойида 10,0 млн кВт·соатга қисқарган.
Ўсувчи коэффицентлар қўлланилиши натижасида 2024 йилнинг июль ойида 2023 йилнинг ноябрь ойига нисбатан истеъмол:
- 0-200 кВт·соатгача истеъмол қилувчиларда 72,65 млн кВт·соатга ортган, мазкур меъёр доирасида истеъмол амалга оширувчи истеъмолчилар сони ҳам мутаносиб равишда 8 фоизга ортган;
- 201-1000 кВт·соатгача истеъмол қилувчиларда 214,4 млн кВт·соатга камайган, мазкур меъёр доирасида истеъмол амалга оширувчи истеъмолчилар сони ҳам мутаносиб равишда – 7 фоизга камайган;
- 1001-5000 кВт·соатгача истеъмол қилувчиларда 66,2 млн кВт·соатга камайган, мазкур меъёр доирасида истеъмол амалга оширувчи истеъмолчилар сони ҳам мутаносиб равишда – 0,74 фоизга камайган;
- 5001 — 10 000 кВт·соатгача истеъмол қилувчиларда 2,14 млн кВт·соатга камайган, мазкур меъёр доирасида истеъмол амалга оширувчи истеъмолчилар сони ҳам мутаносиб равишда – 0,005 фоизга камайган;
- 10 000 кВт·соатдан юқори истеъмол қилувчиларда 10,03 млн кВт·соатга камайган, мазкур меъёр доирасида истеъмол амалга оширувчи истеъмолчилар сони ҳам мутаносиб равишда – 513 тадан 113 тага камайган.
Шунингдек, истеъмолчилар умумий сони 2024 йил 1 август ҳолатига 2023 йил 1 декабрь ҳолатига нисбатан 853,1 мингтага ошган.
Олтинчидан, Истеъмолчиларнинг электр энергияси харажатларининг давлат томонидан қоплаб берилишининг тўғрилиги ва манзиллилиги яхшиланмоқда.
Ҳозирги вақтда 1 кВт·соат электр энергияси таннархи 1 002 сўмни (ҚҚС билан) ташкил этади. Шунга кўра, аҳолига етказиб берилаётган ҳар бир кВт·соат электр энергияси учун базавий меъёр доирасида 552,4 сўм, 201-1000 кВт·соат оралиғидаги истеъмол бўйича 102,4 сўм манфий фарқ асосан 1000 кВт·соатдан ортиқ истеъмол қилиувчилар ҳисобидан, етмаган қисми эса Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин. Бироқ, келиб тушаётган қўшимча тушумлар салмоғидан келиб чиқиб, жорий йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун субсидияга зарурат кам бўлиши ёки батамом бўлмаслиги прогноз қилинмоқда.
Еттинчидан, Тариф ислоҳотлари таъсирини камайтириш мақсадида Энергетика вазирлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 августдаги қарорига мувофиқ, Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион ресурсларини қўллаш” (I Craft) лойиҳаси доирасида, шунингдек, халқаро молия институтларидан ютиб олинаётган грант маблағлари ҳисобидан 20 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига текинга қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йил август ойидан бошлаб, электр энергиясини ҳисоблаш бўйича янги биллинг тизими ҳамда “HET Billing” дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан истеъмолчилар бевосита электр энергияси ҳисоби, хусусан, тўлов маълумотлари, кунлик электр энергияси сарфи ва бошқа маълуотларни реал вақтда онлайн кузатиб бориш имкониятига эга бўлдилар.
Бундан ташқари, ошиб борувчи тарифлар қўлланилиши натижасида истеъмолчиларнинг электр энергияси тежамкорлиги ошди. Натижада тизимга юкламалар, аҳолининг электр энергиясидан узилишлари ва авариялар сони ҳам мутаносиб равишда камаймоқда.
Маълумот учун: ўтган йил ёз мавсумининг июнь – август ойларида ягона энергетика тизимида жами 375 млн кВт·соат мажбурий чеклов (июнь ойида 35 млн, июль ойида 175 млн ва август ойида 165 млн кВт·соат) киритилган бўлса, жорий йилнинг июнь, июль ва август ойларида чекловларсиз (электр қурилмаларни ўта юклама билан ишлашини олдини олиш мақсадида, Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида қисқа муддатга ўчирилган, бундан ташқари, авариявий ҳолатлар ва дастурлар асосидаги режали таъмирлаш ишларидан ташқари) электр энергияси етказиб берилмоқда.
Ҳозирги пайтда вазирликнинг тизим идораларида ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда аварияларнинг олдини олиш ҳамда улар юзага келганда тезкор бартараф этилишини таъминловчи гуруҳлар (бригадалар) ҳам фаолият олиб бормоқда.
Бизнинг бош мақсадимиз – халқимизни узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш ҳисобланади.
Энергетика вазирлиги
[1] https://ru.armeniasputnik.am/20221228/tarify-na-elektroenergiyu-v-armenii-v-2023-ne-izmenyatsya-53242012.html
[3] https://asiaplustj.info/ru/news/tajikistan/economic/20240206/tadzhikistan-perehodit-na-zelenii-svet-v-kakie-proekti-napravlyayutsya-sredstva
[5] Туркия энергия бозори регулятори (Energy market regulatory authority) маълумотлари асосида.