#расмий_муносабат
2025-02-19 14:40:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларнинг бирида бирида Самарқанд шаҳридаги “Чашма” ёдгорлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотлар юзасидан Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Маълумки, Самарқанд шаҳрида жойлашга “Чашма” ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан Маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилган.
Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2024-йил 13−16-август кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида Самарқанд шаҳрининг Даҳбет кўчасида жойлашган 170-манзилда енгил конструкцияли дам олиш масканини ташкил этиш бўйича лойиҳа кўриб чиқилган. Кенгаш хулосасига кўра, лойиҳалаштирилган бино устунлари Темурийлар даври ва Самарқанд меъморчилиги анъаналарига мос устунларга мослаштириш шарти билан маъқулланган. Ундан ташқари лойиҳалаштирилган бинога туташ ҳудудда жойлашган “Чашма” маданий мерос объектини ободонлаштириш ҳам белгилаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024-йилнинг 20-май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ Кенгашга моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларда режалаштирилган асрашга доир ишларни объектнинг тарихий-маданий аҳамияти ҳамда ноёблигига путур етказмаган ҳолда технология ва материалларнинг қўлланилиши бўйича тегишли хулоса беришга доир қатор вазифалар юклатилган.