Ўзбекистоннинг хориждаги моддий маданий бойликларини аниқлаш, тарихий аҳамиятга эга буюмларни хорижга олиб чиқиб кетиш ҳолатларининг олдини олиш ва кўрилган чоралар юзасидан Бадиий экспертиз бошқарма бошлиғи Фахриддин Рўзиқуловнинг БРИФИНГИ
2025-02-17 15:05:00 / Матбуот анжуманлари

2024 йил давомида мамлакатимиз ҳудудидан маданий бойликларни ноқонуний йўл билан олиб чиқишга уриниш вақтида божхона ходимлари билан ҳамкорликда тўхтатиб қолинган, шунингдек, турли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда маданий бойликларнинг ноқонуний айланишида вақтинчалик сақловга олинган 4.118 та предметлар бўйича 434 та эксперт хулосалари тайёрланган. Ушбу жараёнда бадиий экспертизадан ўтказилган предметларнинг умумий қиймати 2.037.316.000 минг сўмдан ортиқ қийматни ташкил этди.
Республикамизда ноқонуний ҳаракатлар жараёнида ушлаб қолинган ёки мусодара қилинган тарихий, илмий, маданий ва музей аҳамиятига эга бўлган барча маданий ашёларни республика давлат музей фондлари ҳамда бошқа давлат захирахоналарига топширилган.
Республикага маданий бойликлар ниқоби остида олиб киришга уриниш ҳолатида тўхтатиб қолинган диний экстремистик адабиётлар, шафқатсизликни тарғиб қилувчи аудио-видео материаллар, порнографик мазмундаги журналлар, газеталар, CД, ДВД дисклар ва кино тасмалари ҳам ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилади ва йўқ қилиб ташлаш тавсия этилади ёки улар белгиланган тартибда тегишли давлат органларига топширилади.
Хориждаги кутубхона, музей, фонд ёки бошқа илмий-маданий муассасаларда (Миср, Ҳиндистон, Германия, Россия, Франция) сақланаётган Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид 500 та маданий бойликнинг (қўлёзма, миниатюра, сопол, текстил, фотоколлекция, мунчоқ, зирак, коса, сфероконус ва б.) илмий тавсифи тайёрланди.
Агентлик томонидан ўтган йил давомида Америка Қўшма Штатлари Принстон университети, Франция Миллий кутубхонаси Қўлёзмалар департаменти ҳамда Туркия Республикаси Сулаймония кутубхонаси (Лала Исмоил фонди)да сақланаётган 30 та қўлёзманинг (Абу Али ибн Синонинг “Ал-Қасида фи ан-нафс”ва “Ал-Қонун”асарлари, Мир Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”ва “Девони Навоий”асарлари ва б.) электрон нусхалари олинди.
Хориждаги маданий бойликларни тарғиб этиш борасидаги фаолият бўйича:
Хорижда сақланаётган Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид жами 5587 та қўлёзманинг илмий тавсифини ўзида жамлаган 3 та монографик тадқиқот нашр этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 27-май “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Аҳолидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган «Миллий меросга менинг ҳиссам!» умумхалқ акцияси 2022-йил 1-июлдан бошлаб ташкил этилган ва доимий равишда” ўтказилмоқда.
Давлат музейларига маданий бойликларни, шу жумладан мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини харид қилиш учун 2022-йил 1-июлдан бошлаб ҳар йили Маданий мерос жамғармасига Давлат бюджетидан маданий мерос ва музейлар соҳасига ажратилган маблағлар ҳисобидан қўшимча 3 млрд. сўмдан ҳамда ҳудудлардаги тегишли давлат музейларига Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан 500 миллион сўмдан маблағ ажратилмоқда.
2024-йилда “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси доирасида давлат бюджетидан 3 млрд. сўм ажратилган бўлиб, аҳолидан маданий бойликларни сотиб олиш тадбири давом эттирилди.
2024-йил давомида маданий бойликларни сотиб олиш тадбири доирасида Агентлик ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгашининг 2 та мажлиси ўтказилди. Кенгаш мажлисига тақдим этилган 341 та маданий бойликлардан 2.834.500 000 сўмга жами 97 та маданий бойликларни харид қилиш юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Бугунги брифингимиз орқали Маданий мерос агентлиги фаолиятига доир етказмоқчи бўлган маълумотларимиз шулардан иборат эди, саломат бўлинг!