Бухоро “The New York Times” газетасига кўра 2025-йилда ташриф буюришга арзигулик саёҳат манзиллари рўйхатидан ўрин олди
2025-01-09 15:00:00 / Янгиликлар
Дунёнинг энг нуфузли нашрларидан бири АҚШнинг “The New York Times” газетаси 2025-йилда ташриф буюришга арзийдиган 52 та жойлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан Бухоронинг тарихий маркази 22-ўринни эгаллади.
Бухоро МДҲ давлатлари орасида ягона диққатга молик, Осиёда 9 та шаҳар орасида муносиб деб топилиб, қолган эътиборга сазовор масканлар Европа, Африка, Жанубий ва Лотин Америкаси қитъаси шаҳарлари орасида тақсимланган.
Мазкур рўйхатда Бухоро шаҳрининг ноябрь ойида халқаро ва ўзбекистонлик ижодкорлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилган биринчи Бухоро биенналеси ҳақида батафсил маълумот келтирилган. Тадбир 2025-йил 5−20-ноябрь кунлари шаҳарнинг тарихий ҳудудида ташкил этилади ҳамда замонавий санъатга бағишланади.
“Биеннале давомида Энтони Гормли каби таниқли британиялик ҳайкалтарош, Миср ва америкалик ошпаз Лайла Гоҳар, ҳиндистонлик машҳур ижодкор Ҳимали Сингх Соин каби жаҳон миқёсидаги етакчи санъаткорларнинг асарлари намойиш этилиши кутилмоқда”, дейилади нашрда.
Шунингдек, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси объекти сифатида эътироф этилган Бухоро ўзининг бой тарихи, ҳунарманд ва шоирлари билан дунёга машҳур. Тадбир меҳмонлари учун қайта таъмирланган карвонсарой услубидаги меҳмонхоналар, мадрасалар ва кўп асрлик ислом меъморчилиги дурдоналари катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда.