#расмий_муносабат
2025-01-08 19:20:00 / Янгиликлар
Ижтимоий тармоқларнинг бирида блогер томонидан “1857-йилга тегишли меъморий тарихий обидани ҳам аяшмабди” сарлавҳаси остида видеоролик кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тарқалган хабар юзасидан Маданий мерос агентлиги Давлат назорати бўлими ходимлари ва Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари томонидан вазият жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ҳозирги вақтда “Баланд” жоме масжидида олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари Илмий-эксперт кенгаш томонидан тасдиқланган лойиҳа асосида амалга оширилмоқда. Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши томонидан 2023-йилнинг 6–8-апрель кунлари бўлиб ўтган йиғилишда объектдаги қурилиш ишлари масжиднинг тарихий қисми музейлаштирилиб, зарар етказмаган ҳолда амалга ошириш белгилаб қўйилган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги 2023-йил 8-ноябрда ўз расмий манбаларида хабар берган.
Мутахассислар томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида бинонинг тарихий қисмига зарар етказилмаганлиги аниқланди. Қурилиш ташкилотига олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишларини тасдиқланган лойиҳага қатъий риоя этган ҳолда бажариш зарурлиги яна бир бор таъкидланиб, тарихий обидага зарар етказилган тақдирда қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Маълумот учун, пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани, Бешёғоч кўчаси, 173-уйида жойлашган “Баланд” жоме масжиди Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сонли қарорига асосан “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати”га киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
Маданий мерос агентлиги кенг жамоатчиликнинг бу каби ҳолатларга бефарқ эмаслиги ҳамда маданий мерос объектларини асраб-авайлашга ўз ҳиссаларини қўшаётганликлари учун ўз миннатдорчилигини билдиради.