Иш ҳақини ундириш тартиби
2026-09-22 17:50:00 / Янгиликлар

Агар ходимга иш ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, ходим Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 170-173-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда иш ҳақини ундириш юзасидан Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Ушбу ҳолда, ходим томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддаси талабига асосан, ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлиши лозим.
Иш ҳақини Суд буйруғи тартибида ундиришнинг ўзига хос жиҳатлари шундаки, Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судья томонидан ундирувчи ва қарздорни судга чақирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда, суд муҳокамасисиз берилади, яъни низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан бериладиган суд ҳужжатидир, ушбу ҳолда ходимнинг суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилади ва суд буйруғи у берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради. Шунингдек қонун талабига кўра, ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги суд буйруқлари дарҳол ижро этилиши лозим бўлиб, ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш талаблари юқоридаги ўн кунлик муддат ўтиши кутилмасдан дарҳол ижрога қаратилади.
Ходим ва иш берувчи ўртасида низоли бўлган иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш бўйича ходим судга даъво ишини юритиш тартибида мурожаат қилиши лозимдир.
Ушбу ҳолда ходим судга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси талабига риоя қилган ҳолда даъво ариза билан судга мурожаат қилади, ушбу турдаги даъво аризалар бўйича ишлар суд муҳокамасига тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай суд томонидан кўриб чиқилади.Хулоса қилганда, меҳнат муносабатларида ходим ва унинг оиласи манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимизнинг устувор вазифаларидан биридир. Меҳнат кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган талаблар иш берувчининг масъулиятини оширишга ва ходимларнинг қонуний иш ҳақини қисқа муддатларда ундиришга хизмат қилади.
