Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиш тартиби
2026-03-17 07:35:00 / Янгиликлар

Лекин, суд амалиётига назар ташласак, фуқаролар томонидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмасдан ва рухсатномасиз бино-иншоот қуриб, қурилиш нормалари ва қоидаларини, ишларни бажариш ва топширишда техник шартларни, объектни ишга тушириш қоидаларини бузиш ҳоллатлари кўплаб кузатилмоқда.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш вазифаси юклатилган Кадастр агентлиги ҳудудий бўлимлари томонидан бундай ҳолатлар аниқланганда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 60 ва 99-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганлигида айбдорлик масаласини ҳал этиб, фуқаролик ишлари бўйича судларга ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани буздириш, ер майдонини фойдаланиш учун яроқли холатга келтириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилинади.
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 212-моддаси 1-қисмида, қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланиши қайд этилганлиги, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозимлиги белгиланган.
Ўз навбатида фуқаролик ишлари бўйича судлар мазкур тоифадаги даъво аризалари бўйича жавобгар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, қурилма биноси қуриб, ноқонуний қурилмани бартараф этмаганлиги ҳолатлари далолатнома, фотосуратлар билан тасдиқланишига алоҳида эътибор қаратади. Шу билан бирга жавобгарга ноқонуний қурилишни бартараф этиш борасида огохлантириш хати тегишли тартибда юборилиб, ноқонуний қурилма бартараф этилган этилмаганлиги ўрганилиб, якуни бўйича қарор қабул қилинади.
Шу ўринда, ўзбошимчалик билан ер майдонини эгаллаб, иморат қурганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 60 ва 99-моддаларида санкцияларида назарда тутилган жазо тайинланади ва суд томонидан иморатни бузиш тўғрисида қарор чиқарилишини ҳар бир фуқаро англаши лозим.
Бундан ташқари, ноқонуний қурилишни сотиш, ҳадя қилиш, ижарага бериш ёки бошқа битимларни амалга ошириш мумкин эмас.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб турган ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ва ундаги қурилмани буздириш тўғрисидаги ишларда келишув битими ёки медиатив келишув тузишига йўл қўйилмайди.
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди, шунга кўра судлар уларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ёки мансабдор шахсларга бундай мажбурият юклашга ҳақли эмас.
Демак, ўзбошимчалик билан иморат қуришдан олдин, дастлаб ерга нисбатан ғолиблик баённомаси асосида мулк ҳуқуқини қонуний асосларда қўлга киритиши, кадастр идораси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, мулкдор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, ҳар ким қонуний асосларда мулкдор бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Дўстлик туманлараро суди судьяси Иноятов Ботир Рахматович
