“Аскар ота-оналарини шарафлаймиз” — юксак эҳтиром ифодаси
2026-01-31 11:35:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбирда Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Хуршид Мўминов, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари, чақирув ёшидаги ўқувчи-ёшлар, меҳнат фахрийлари, ҳамда жамоат ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида ота-оналар учун махсус тайёрланган видеороликлар намойиш этилди. Унда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг миллий армиямиздаги хизмат шароитлари, юртга бўлган садоқати, шунингдек, ота-оналарига йўллаган самимий салом ва миннатдорлик сўзлари акс эттирилди.
Анжуман давомида сўзга чиққан шаҳар ҳокими Комил Холмуродов ота-оналарга мурожаат қилиб, уларнинг фарзандлари бугунги кунда Ватан тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, шундай ватанпарвар, фидоий ва садоқатли фарзандларни вояга етказган ота-оналарга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Шу билан бирга, ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматнинг шарафли ва масъулиятли эканини кенг тарғиб этиш, чақирув ёшидаги йигитларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.








