Жиззах шаҳрида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
2026-01-28 15:55:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида вилоятдаги ташкилот ва идоралар раҳбарлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқаролардан келиб тушган таклифлар, мурожаатлар ва шикоятлар атрофлича ўрганилди. Тадбир очиқ мулоқот ва бевосита савол-жавоб шаклида ўтказилиб, унда тадбиркорларни қийнаётган долзарб масалалар — ер ажратиш, кредит олиш, рухсатномалар, инфратузилма, солиқ ва ҳуқуқий масалалар юзасидан фикрлар билдирилди.
Жиззах вилояти прокурори Бахтиёр Иброҳимов томонидан ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилиб, уларнинг қонуний ечими юзасидан тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар ижрога қабул қилиниб, назоратга олинди.
Шунингдек, учрашувда давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида очиқлик, шаффофлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз тўсиқларни бартараф этиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.








