Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби
2026-01-26 17:25:00 / Янгиликлар

Мазкур Низом давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартибини белгилайди.
Давлат фуқаролик хизматчиси унга халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан меҳмондўстлик белгиси сифатида билдирилган таклифни қабул қилиши мумкин, таклифнинг беғаразлигига шубҳа сезган тақдирда таклифни дарҳол рад этиши ва алоқа воситалари орқали бу ҳақда коррупцияга қарши курашиш бўлинмасини огоҳлантириши шарт.
Давлат фуқаролик хизматчиси халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан тақдим этилган совғани ушбу тадбирлардан қайтиб келган кундан бошлаб уч иш куни ичида бўлинмага совғанинг қийматини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлса, ушбу ҳужжатлар билан бирга тақдим этиши шарт.
Тез яроқсиз ҳолга келувчи маҳсулотлар совға сифатида расмийлаштирилмайди ҳамда ушбу совғалар хизматчи томонидан ўз хоҳишига кўра тасарруф этилади.
Совғанинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 (тўрт) бараварига тенг ёки ундан кўп бўлмаган миқдорда эканлиги аниқланган тақдирда, совға давлат фуқаролик хизматчисида қолдирилади ва далолатнома расмийлаштирилади.
Совғанинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 (тўрт) бараваридан ортиқлиги аниқланган тақдирда, совға молия-иқтисод бўлинмаси томонидан давлат органининг балансига кирим қилинади.
Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан халқаро ва бошқа тадбирлар муносабати билан қабул қилинган совғалар Хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан давлат фуқаролик хизматчилари томонидан қабул қилинган совғалар бўйича рейстрда (Совғалар рейстри) рўйхатга олиниши белгиланган.
Вилоят ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат шоъбаси
