“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикаси худудига кириш билан боғлиқ жиноятлар” мавзуси юзасидан
2026-01-22 18:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ўтишнинг белгиланган тартиби чет давлатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик олиб бориш, чегара, божхона, санитар-карантин, ветеринар ва бошқа назорат турларини амалга ошириш, давлат мустақиллиги ҳудудий яхлитлиги, чегараларнинг дахлсизлигини мустаҳкамлаш, чегара келишмовчиликларини тинч йўл билан ҳал қилиш, давлат сарҳадларида, шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида ўрнатилган.
Шундай бўлса-да, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш орқали муҳим мақсадларни кўзлаб белгиланган давлат чегарасидан ўтиш қоидаларини бузиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бунинг оқибатида давлатда тартибсизлик юзага келиши, мамлакат хавфсизлиги, суверенитети ва тинчлигига раҳна солиниши, қонунга хилоф бошқа қилмишларнинг ошиши, шунингдек, қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларда салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабабчи бўлиши мумкин. Шу сабабдан ҳам, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жиноятининг ижтимоий хавфлилиги юқори бўлиб, бундай қилмишларга қарши курашиш ҳар қандай давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Амалдаги Жиноят кодексининг 223-моддаси қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш учун жиноий жавобгарлик ўрнатган бўлиб, ушбу жиноятлар таркибини батафсил таҳлил қилиш, мазкур жиноятларга қарши курашиш ва олдини олиш юзасидан профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бугунги кунда жиноий жавобгарлик ва жазо тайинлашни либераллаштириш жараёнида долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 223-моддаси иккинчи қисмида қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига киришнинг жазони оғирлаштирувчи ҳолатлари келтирилган бўлиб, улардан бири ЖК 223-моддаси иккинчи қисмининг “д” банди, яъни Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи белгиланган тартибда чекланган шахс томонидан чегарани кесиб ўтилишидир.
2013 йил 4 январдаги Қонун орқали ЖК 223-моддаси 2-қисми “д” бандида жиноятнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи белгиланган тартибда чекланган шахс томонидан содир этилиши жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланди.
Аммо, мазкур ҳолат юзасидан ҳалигача бирор тушунтириш берилмаган. Фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари тартибида мазкур масала юзасидан тегишли нормалар белгиланган.
Хорижий фуқаронинг Ўзбекистон Республикасига келиши қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин, яъни Ўзбекистон Республикасига кириши мумкин эмас:
а) миллий хавфсизлик ёки жамоат тартибини муҳофаза қилишни таъминлаш манфаатлари йўлида;
б) агар бу Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса;
в) агар шахс чет эл террорчи, экстремист ва бошқа жиноий ташкилотларнинг фаолиятига алоқадор бўлса;
г) агар шахс ўзи ҳақида қасддан сохта маълумотлар берган бўлса ёки зарур ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса;
д) агар шахс илгари хорижий шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келиш-кетиш тартибини ҳамда бу ерда бўлиш қоидаларини, Ўзбекистон Республикасининг божхона, валюта ва бошқа қонунчилигини бузганлиги аниқланган бўлса;
е) агар шахс касал бўлса ёки унинг саломатлиги жамият хавфсизлиги ва соғломлигига хавф туғдирса ҳамда ушбу касаллик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган бўлса.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ–4079-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрсидаги низомнинг 39-бандига мувофиқ, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни рад этиш учун асослар белгиланган бўлиб, мантиқан ушбу рўйхатдаги шахсларни Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқи чекланган шахслар тоифасига киради. Улар қуйидагилар:
а) агар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса – ишюзасидан узил-кесил суд қарори ёки бошқа қарор қабул қилингунгача;
б) агар шахс ички ишлар органларининг маъмурий назоратида бўлса – назорат тўхтатилгунгача;
в) агар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ва шартли ҳукм қўлланилган бўлса – жазони ўтаб бўлгунигача ёки жазодан ва шартли ҳукмдан озод қилингунигача;
г) агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса – мажбуриятлар ижро этилгунга қадар, вояга етмаган болаларни таъминлаш учун алиментлар олдиндан тўланганлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотномалари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно;
д) агар шахс ўзи тўғрисида қасддан сохта маълумотларни тақдим этган бўлса;
е) агар шахсга нисбатан ваколатли органларнинг мазкур шахс хорижда бўлганида борган мамлакатининг қонунларини бузганлиги тўғрисидаги ахбороти, шунингдек, хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахбороти (қонун бузилишлар рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) мавжуд бўлса – у ҳисобга қўйилган кундан бошлаб икки йил ўтгунгача.
Фақатгина, қонунда белгиланганидек, сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш, агар тегишли субъектлар – чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби мавжуд бўлмаса, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш ҳолати жиноятининг таркибини ҳосил қилмайди.
Бошқа барча ҳолатларда, қилмиш жавобгарликка тортилиши лозим ва жазога сазовардир.
Шундай қилиб, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жинояти шахс Давлат чегарасини Ўзбекистон Республикасига кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳақиқий ҳужжатларсиз ёхуд Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда олинган тегишли рухсатномасиз ёки улар мавжуд бўлганда, Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктидан бошқа жойда кесиб ўтган ҳолда мавжуд бўлади.
Хулоса сифатида айтишимиз мумкунки, юқорида ЖКнинг 223-моддасини такомиллаштириш бўйича билдирган таклиф, ушбу соҳада амалиётда юзага келаётган ноаниқлик ва бўшлиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Санжарбек Расулов
Жиззах шаҳар судининг раиси
