Маданият маҳалласида уй-жой шароитларини янгилаш бўйича учрашув ўтказилди
2025-12-07 13:25:00 / Янгиликлар
Жиззах шаҳар Маданият маҳалласида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, замонавий ва қулай яшаш муҳитини яратиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари доирасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг Реновация дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, фойдаланиш муддати ўтиб, маънан ва жисмонан эскирган икки қаватли уй-жойлар ўрнида янги, мустаҳкам, замонавий кўп қаватли турар-жойлар қурилиши билан боғлиқ жараёнларни маҳалла аҳолиси билан ўзаро муҳокама этишга бағишланди.

Учрашувда Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов иштирок этиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, яшаш шароитларини сифат жиҳатдан яхшилашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан таништирди. Тақдимот давомида ҳоким янги турар-жой мажмуаларининг афзалликлари, қурилиш сифати, хавфсизлик тизими, ижтимоий инфратузилма билан уйғунлиги ва аҳолига яратиладиган қўшимча қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Реновация дастури доирасидаги бу ишлар нафақат маҳалланинг қиёфасини янгилаш, балки аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш, ёшлар ва болалар учун хавфсиз, замонавий ва қулай яшаш маскани яратишга хизмат қилади.



