SATREPS-2020: Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди
2025-09-23 14:45:00 / Янгиликлар

Япония ҳукуматининг SATREPS-2020 грант дастури – Барқарор ривожланиш учун илм-фан ва технология тадқиқот ҳамкорлиги доирасида “Оролбўйи минтақасида тупроқнинг шўрланишига қарши кураш, ернинг унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Инновацион ривожланиш агентлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа 2022-2027 йилларга мўлжалланган ва Япония ҳукуматининг 5,0 млн АҚШ доллар грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.
Лойиҳага кўра Оролбўйи минтақасида ерларнинг унумдорлигини ошириш ва сувдан фойдаланиш имконияти чекланган маҳаллий аҳолининг фаровонлигини яхшилаш мақсадида замонавий иқлим ўзгаришларини кузатиш марказини ташкил этиш, метеорологик мониторинглар олиб бориш, шунингдек шўрланган шароитда қишлоқ хўжалигига янги япон технологияларини жорий этиш кўзда тутилган.
Инновацион ривожланиш агентлигида SATREPS-2020 дастури доирасида Япониялик ва Ўзбекистонлик соҳа мутахассислари иштирокида икки кунлик семинар ташкил этилди. Унда 100 дан ортиқ олимлар, вазирлик ва идораларнинг Орол денгизининг қуриган туби экотизимини тиклаш, шунингдек, юзага келган муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган илмий тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш салоҳиятига эга бўлган ходимлар иштирок этди.
Семинарда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари, Япониялик ва Ўзбекистонлик олимлар ҳамда лойиҳа иштирокчилари томонидан Оролбўйи минтақасида 2024-2025 йилларда давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида Ўзбекистон-Япония қўшма лойиҳалар танлови эълон қилиниб, жами 12 та лойиҳа 23,7 млрд. сўм миқдорида молиялаштирилди. Бундан ташқари, 45 нафардан ортиқ Ўзбекистонлик олимлар Япония давлатида тажриба алмашиб, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илм-фан соҳасидаги салоҳиятини шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини мустаҳкамлашга эришдилар.
Шу билан бирга, лойиҳа доирасида Япониядан илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун тупроқ таркибидаги туз миқдори, тупроқда туз ва сув тақсимотини, сув сифатини назорат қилиш, географик ахборот тизимлари (GIS) маълумотларини ва метеорологик кузатувларни таҳлил қилишга мўлжалланган ускуналар, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) олиб келинган.
Шунингдек, семинар давомида SATREPS-2020 дастури доирасида 2026 йилда Ўзбекистон-Япония қўшма лойиҳалар танловининг 2-босқичида эълон қилинган лойиҳаларни саралаш, Ўзбекистонлик олимларни Япония давлатига илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун юбориш ҳамда иқлим ўзгариши ва ҳаво намлигини таҳлил қилувчи инновацион метеостанциялар ташкил этиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.









