Ўзбекистонлик олимлар томонидан кўзнинг вирусли касалликларига қарши биоэрувчан дори плёнка яратилди!
2025-08-14 16:00:00 / Янгиликлар

Ушбу доривор плёнка кенг таъсирга эга бўлиб, вирусга қарши фаоллик, иммун тизимини мустаҳкамловчи, регенирацияловчи, антипролифератив хоссаларни намоён этиши аниқланган.
Биоэрувчан “ГЛАЗАВИР” дори плёнкаси юқори қовушқоқликка эга бўлиб, кўз шох пардасидаги суюқлик билан узоқ таъсирлашиш ва бир хил тақсимланиш хоссасига эга.
Плёнка кўз қуйи қобиғига қўйилганда белгиланган вақт давомида босқичма-босқич эрийди. Плёнка таркибидаги биологик фаол модда томчи шаклидаги дори воситасига нисбатан узоқ вақт таъсир этади.
Доривор плёнкалар кўзга суткасига 1-2 марта қўйилади. У биопарчаланувчан ва биоэрувчан бўлиб, салбий таъсирга эга эмас.
Амалий ва инновацион лойиҳалар натижасида яратилган ушбу доривор плёнка офтальмологияда вирусли кўз касалликларини самарали, хавфсиз ва қулай тарзда даволаш имконини беради. Ўзининг юқори самарадорлиги, узоқ муддатли таъсири ва кўз тўқималарига мос биологик хусусиятлари билан ажралиб туради. Вирусли кўз касалликларини даволашда хавфсиз ва қулай восита бўлиб, томчи шаклидаги препаратларга қараганда юқори терапевтик афзалликларга эга.

