Ўзбекистон-Корея: стартап экотизими бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
2025-08-05 20:05:00 / Янгиликлар

Бугун Инновацион ривожланиш агентлиги директори Ш.Ражаббаев Корея стартап ва тадбиркорликни ривожлантириш институти (KISED) вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, стартап экотизимини ривожлантириш борасидаги қўшма ташаббуслар ҳамда бу йўналишда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, “KISED” томонидан Кореяда стартап экотизимини шакллантириш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасидаги тажриба ҳамда илғор амалиётлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Учрашув жараёнида “KISED” вакиллари Ўзбекистондаги стартап экотизимини ўрганиш, мавжуд имкониятлар ва долзарб муаммоларни таҳлил қилиш юзасидан тадқиқотлар ўтказишни режалаштираётганликларини ҳам билдирдилар.
Учрашув якунида Инновацион ривожланиш агентлиги ва “KISED” ўртасида стартап экотизими бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, икки давлат стартапчилари ўртасида учрашувлар, семинарлар, B2B учрашувлар ва тажриба алмашиш курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.





