Ёш инноваторларни қўллаб-қувватлашда Венгрия билан ҳамкорлик қилинади
2025-07-02 17:30:00 / Янгиликлар

2025 йил 2 июль куни Инновацион ривожланиш агентлиги вакиллари ҳамда Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Жозсеф Розса жаноблари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашувда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илм-фан ва инновациялар соҳасида қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда қуйидаги масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди:
- Венгриянинг Миллий тадқиқотлар, ишланмалар ва инновациялар идораси билан ҳамкорликда қўшма илмий лойиҳаларни эълон қилиш имкониятлари;
- Ўзбекистонлик талаба ва ёш тадқиқотчиларни HUN-REN, Обуда университети, Этвос Лоранд университети ҳамда Будапешт техника ва иқтисодиёт университети (BME) каби нуфузли таълим ва илмий муассасаларда стажировка дастурларига жалб этиш;
- Ўзбекистонда стартапларни ривожлантириш мақсадида Венгрия кўмагида акселерация ва инкубация дастурларини йўлга қўйиш;
- Венгрия томонидан ажратилаётган ўқув квоталари доирасида Ўзбекистон талабалари учун имкониятларни кенгайтириш;
- Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этиладиган “InnoWeek.Uz–2025” ҳафталигида Венгрия технологик ютуқлари ва стартапларини намойиш этиш мақсадида алоҳида павилон ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро алоқаларни изчил давом эттириш, муҳокама қилинган йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар шакллантириш ва аниқ амалий қадамларни белгилаб олиш бўйича келишувга эришдилар.



