Ёшларни инновацион фаолиятга жалб этишда Ёшлар технопарклари эришаётган натижалар таҳлили
2025-06-05 13:55:00 / Янгиликлар

Уларда Веб-дастурлаш, Робототехника, 3D моделлаштириш, Электроника, Видео монтаж, График дизайн каби 7 турдаги ўқув курслари фаолият юритмоқда.
Мазкур Ёшлар технопаркларида 2023-2025 йиллар оралиғида ёшларни инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ОТМ ва мактабларда 1 000 дан ортиқ тарғибот тадбирлари семинар ва тренинглар ташкил этилиб, 84 000 дан ортиқ ёшлар ушбу тадбирларда иштирок этди.
Шу билан бирга, Ёшлар технопаркларида ёш ихтирочи олимларнинг ғояларини бизнес-моделга айлантириш, бизнес бошқарувида кўмаклашиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ошириш мақсадида 2023 йилдан бошлаб “InnoX” бизнес-инкубатор ва акселератор дастури ташкил этилди.
2023-2025 йиллар оралиғида Дастурда иштирок этишни билдирган 5 431 нафар ёшлар томонидан аризалар келиб тушиб, шундан энг яхши 1 175 нафар лойиҳа ташаббускорлари саралаб олиниб ўқув жараёнларида иштирок этишди.
Ўқув жараёни якунида 740 нафар лойиҳа ташаббускорлари Дастурни муваффақиятли якунлаб, шундан 434 та лойиҳа умумий қиймати 24 млрд сўм миқдорда молиялаштирилди.
Натижада, 76 та янги корхоналар ташкил этилиб, 467 та янги бўш иш ўрни яратилди ҳамда 316 турдаги янги ишланмалар яратилди.
Ёшлар технопарклари резидентларининг лойиҳа ва ишланмалари “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали, Ўрта Осиё креатив ёшлар орасида ташкил этилган “Green Spark”, “Бўлажак олим” каби қатор танловларда эътироф этилмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида “Алоқа Венчур” томонидан Йирик инвесторлар ва ёш тадбиркорлар учун Андижонда ташкил этилган “Инвесторлар куни” якуни бўйича Андижон ёшлар технопарки “InnoX” дастури иштирокчиларининг 3 та, хусусан, “SpaceAgro”, “EduCompass” ва “Токча” стартаплари жами 70 000 АҚШ доллари ҳажмида молиялаштирилди.
Оҳангарон Ёшлар технопарки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган 1doc.uz лойиҳаси бош қароргоҳи АҚШнинг силикон водийсида жойлашган “Plug and Play Tech Center”нинг Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўйича офиси томонидан жорий йилнинг февраль ойида ташкил этилган 4-босқич акселерация дастури учун саралаб олинган энг яхши 15 та лойиҳа қаторидан ўрин олди. 1DOC.UZ — юридик ҳужжатлар билан ишлаш учун ягона комплекс платформа бўлиб, шаблонлар яратиш, юридик АИ-ёрдамчисидан фойдаланиш, маълумотларни рақамлаштириш, электрон имзо қўйиш ва ҳужжатларни глобал тарқатиш имкониятларини ўз ичига олади.
Алоҳида қайд этиш керакки, Ёшлар технопарклари фаолиятини янада ривожлантириш борасида доимий иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда Нукус, Навоий, Жиззах, Гулистон, Оҳангарон, Наманган, Андижон ёшлар технопарклари ҳамда Жанубий Кореянинг Кёнгнам Технопарки ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат инновацион муҳитни ривожлантириш, ёшлар учун қўшимча имкониятлар яратиш ва стартап экотизимини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам саналади.
Жанубий Кореянинг Корея машинасозлик саноати ассоциацияси билан тузилган келишувга асосан эса 2025-2029 йилларда Фарғона ёшлар технопаркида умумий қиймати 8,0 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа амалга оширилади. Унга кўра технопаркка Корея ҳукуматининг ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобидан замонавий ишлаб чиқариш ускуналари ҳамда жиҳозлари олиб келиниб, инновацион фаолиятни ривожлантириш учун янада қулай шароит яратилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Корея Республикасидаги етакчи ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишишлари, малака оширишлари ва тажриба алмашишлари режалаштирилмоқда.
