Шаҳрисабзда Иқтисодий ривожланиш ва рақобатбардошликни оширишда кичик ва ўрта бизнесни кенг қўллаб-қувватлаш” мавзусига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди
2025-05-28 16:00:00 / Янгиликлар

Мазкур учрашув доирасида Ўзбекистонда стартаплар ривожи учун яратилган имкониятлар, MUNIS лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар, дастлабки ютуқлар ҳамда истиқболдаги режалар кенг муҳокама қилинди. Иштирокчилар бугунги кунда тез ўзгараётган глобал иқтисодий шароитлар фонида стартап экотизимини янада барқарор ва рақобатбардош қилиш йўлларини излаш устида фикр алмашди.
Тадбирда Инновацион ривожланиш агентлиги бошқарма бошлиғи Рустам Эргашев, Жаҳон банкининг хусусий секторни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Ерали Бексултон, MUNIS лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи раҳбари Дилшод Азгаров, “DOMiNO Ventures” бошқарувчи ҳамкори Ягиз Карадениз, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ISCAD халқаро маркази директор ўринбосари Дилфуза Эгамбердиева ҳамда лойиҳа доирасида муваффақиятга эришган стартап вакиллари иштирок этди. Муҳокамаларни халқаро тижоратлаштириш бўйича эксперт Сергей Макаров олиб борди.
Давра суҳбати давомида қуйидаги йўналишлар алоҳида эътироф этилди:
• MUNIS лойиҳасининг инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлашдаги ўзига хос ва амалий ёндашуви;
• саралаш ва инкубация босқичларининг самарали ташкил этилгани;
• техник кўмак ва менторлик дастурлари орқали стартапларга йўл-йўриқ кўрсатилгани;
• инвесторлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани.
Шунингдек, экотизимни минтақавий даражада кенгайтириш, венчур молиялаштириш механизмларини фаол жалб этиш ва стартаплар учун барқарор молиявий модель яратиш зарурлиги таъкидланди. Муҳокамалар давомида иштирокчилар инновацион экотизимни шакллантиришда давлат-хусусий шерикликнинг аҳамиятига алоҳида урғу бердилар.
Тадбир якунида барча иштирокчилар MUNIS дастурининг кейинги босқичларида ҳамкорликни давом эттириш, янги стартапларни жалб қилиш ва мавжуд экотизимни янада мустаҳкамлаш бўйича умумий фикрга келишди.
Мазкур учрашув нафақат тажриба алмашиш майдонига, балки янги ғоялар, истиқболли ташаббуслар ва келажакдаги ҳамкорликлар учун мустаҳкам замин яратди.
