Ҳамдан Бин Муҳаммад Ақлли университети билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
2025-05-14 17:30:00 / Янгиликлар

Бугун, 14 май куни Инновацион ривожланиш агентлиги директори Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳамдан Бин Муҳаммад Ақлли университети ректори, доктор Мансур Алавар бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Маълумот учун: Ҳамдан Бин Муҳаммад Ақлли университети (HBMSU) – Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланиб, университет 2002- йилда Дубай валиаҳд шаҳзодаси шайх Ҳамдан Бин Муҳаммад Бин Рашид Ал Мактум ҳомийлигида ташкил этилган. HBMSU илғор технологиялар орқали инновацион ва мослашувчан таълим моделларини таклиф қилувчи араб дунёсидаги биринчи аккредитациядан ўтган ақлли университет сифатида тан олинган. Университетнинг ўзига хослиги унда ақлли таълим: онлайн, масофавий таълим шаклларининг уйғунлиги ҳамда замонавий рақамли рақамли технологиялар, сунъий интеллектдан кенг фойдаланишдадир. Келажак кўникмалари ҳамда таълимнинг рақамли трансформацияси ушбу интеллектуал университетнинг стратегик устуворлиги ҳисобланади.
Учрашув давомида доктор Мансур Алавар HBMSUнинг масофавий таълимни жорий этиш борасидаги 23 йиллик тажрибаси билан ўртоқлашди. У бу йўлда юзага келган қийинчиликлар ва эришилган ютуқлар ҳақида фикр алмашди.
Учрашув якунида илмий тадқиқотларни ҳамкорликда амалга ошириш, таълим йўналишида инновацияларни жорий этиш ҳамда юртимиздаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда рақамли таълимни ривожлантириш ва қўшма ўқув дастурлари бўйича таклифлар берилди.









