МДҲ Инновацион ривожланиш форуми — инновацион ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи платформа
2025-04-30 17:00:00 / Янгиликлар

Халқаро даражадаги мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Кўнғиротбой Шарипов, Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббаев, МДҲ Ижроия қўмитаси Бош котиби ўринбосари Денис Трефилов, Тожикистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири ўринбосари Руҳшона Насриддинзода, Россия федерацияси фан ва олий таълим вазири ўринбосари Константин Могилевский, Қозоғистон Республикасининг “QazInnovations” АЖ бошқарув раиси Санат Жолдихан, Қирғизистон Республикасининг “Kyrgyz Patent” ташкилоти директори ўринбосари Улан Исмаилбеков ҳамда МДҲга аъзо давлатларнинг илм-фан ва инновациялар бўйича вазирлик ва идоралари вакиллари, республикамиздаги олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ҳамда илм-фан бўйича директор ўринбосарлари иштирок этдилар.
Форумда минтақавий инновацион экотизимни ривожлантириш, стартапларга ва кичик бизнесга иқтисодий ўсиш драйверлари сифатида қараш, технологиялар соҳасида трансчегаравий ҳамкорлик, МДҲ давлатларида сунъий интеллектни ривожлантириш ва тармоқларда рақамли трансформация стратегиясини амалга ошириш каби масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, Форум доирасида МДҲ аъзо давлатларининг “Илмий-техникавий ва инновацион соҳаларда ҳамкорлик бўйича давлатлараро кенгашнинг 35-кенгайтирилган йиғилиши” бўлиб ўтди. Унда МДҲга аъзо давлатларнинг 2030 йилгача инновацион ҳамкорлик дастурини амалга оширишнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди. Йиғилиш давомида МДҲ мамлакатлари ўртасида илмий-техник салоҳиятни янада ривожлантириш, илғор технологиялар трансфери, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда инновацион инфратузилмани кенгайтиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Давлатлараро дастурнинг устувор йўналишлари доирасида минтақавий инновацион экотизимни ривожлантириш, илмий изланишлар самарадорлигини ошириш ва инновацион маҳсулотларнинг тижоратлаштирилишини рағбатлантириш бўйича ҳам аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Форум ҳамда 35-кенгайтирилган йиғилиш МДҲ мамлакатлари ўртасида илмий-техник ва инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим халқаро майдон бўлди. Шу билан бирга, тажриба алмашиш, ҳамкорликда қарорлар қабул қилиш ва МДҲ маконида инновацион ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи яна бир муҳим платформага айланди.









