Ўзбек олимаси қовундан экологик мармелад яратди
2025-12-09 18:45:00 / Янгиликлар

Ҳамюртимиз қовундан табиий ва экологик хавфсиз мармелад олишнинг янги технологиясини ишлаб чиқди. Маҳсулот тайёрлаш учун зарур бўлган барча таркибий қисмлар Ўзбекистон ҳудудида етиштириладиган хомашёлардан шакллантирилгани билан ушбу лойиҳа алоҳида аҳамиятга эга. Бу эса мамлакат ресурсларига таяниб, иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган илмий ечим яратиш имконини берди.
Тошкент давлат аграр университетининг 2-босқич таянч докторанти, Жиззах политехника институти Қишлоқ хўжалик озиқ-овқат техника ва технологиялари кафедраси ассистенти Шахло Ҳошимова ёш олимларни илмий стажировкаларга юбориш бўйича танловда ғолиб бўлиб, Туркиянинг “BALIKESIR” университетида малака оширди.
Стажировка давомида у Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Арнасой, Дўстлик ва Шароф Рашидов туманларида кенг майдонларда етиштириладиган қовунларни чиқитсиз қайта ишлаш йўналишида изланишлар олиб борди. Ушбу тадқиқотлар натижасида қовундан табиий мармелад олишнинг самарали технологияси ишлаб чиқилди.
Тажриба жараёнида Туркиянинг Киркагач, Доламан ва Ерлик қовун навлари Ўзбекистоннинг Кўкча, Қирқма ҳамда Кампир навлари билан солиштирилиб, қимматли илмий натижалар олинди. Шунингдек, олима Туркиянинг Маниса шаҳри, Карагач туманидаги йирик омборларда қовунни узоқ муддат сақлаш технологиялари билан амалий танишув олиб борди.
Шахло Ҳошимова ўз тадқиқотлари, лаборатория таҳлиллари ва натижаларини бирлаштирган илмий мақола устида ишламоқда. Ушбу мақола 2026 йилда чоп этилиши режалаштирилган, SCOPUS базасига киритилган халқаро журналлардан бирига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.



