Ёшлар технопаркларида ахборот бошқаруви: замонавий ёндашув ва коммуникатив стратегиялар
2025-12-05 15:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида давлат идоралари ва халқ ўртасидаги мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокамаси ўтказилди. Унда, хусусан, аҳолининг, жумладан ёшларнинг давлат органлари билан самарали мулоқотини таъминлаш, ушбу жараённинг институционал асосларини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий коммуникацион моделни шакллантириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди. Мазкур модель жамият кайфияти ва жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш тизими билан чамбарчас боғлиқ ҳолда фаолият юритиши лозимлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан Ёшлар технопаркларида жамоатчилик билан ишлашга масъул ходимлар иштирокида навбатдаги онлайн йиғилиш ўтказилиб, юқорида кўрсатилган вазифалар ижроси чуқур муҳокама қилинди. Тадбир давомида фаолиятни қайта кўриб чиқиш, иш самарадорлигини ошириш, коммуникацияни очиқ, тизимли ва самарали йўлга қўйиш бўйича таклиф ва ёндашувлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ёшлар технопарклари фаолиятини медиа майдонида кенг ва сифатли ёритиш, тарғибот ишларида инновацион форматлардан фойдаланиш, ижтимоий тармоқлардаги фаолликни оширишга қаратилган амалий таклифлар илгари сурилди.
Йиғилишда ёшлар инновацион фаолиятини мунтазам ёритиб бориш, стартап лойиҳалар ҳақида аҳолига тезкор, аниқ ва ишончли ахборот етказиш, шунингдек, шаффоф коммуникация механизмларини йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида жамоатчилик билан ишлаш фаолиятини самарали ташкил этиш, медиа контент сифатини ошириш ва ҳудудларда эришилаётган натижаларни кенг оммага етказиш бўйича тегишли топшириқ ва вазифалар белгилаб олинди.
