Венгрияда хизмат сафарида бўлиб турган делегациямиз вакиллари Мако шаҳрида бўлишди
2025-12-04 19:20:00 / Янгиликлар

Дастурга мувофиқ шаҳар ҳокими Эва Эржебет Фаркаш билан расмий учрашув ўтказилди. Икки томонлама мулоқот давомида Мако шаҳрининг иқтисодий, инвестицион ва сайёҳлик салоҳияти бўйича батафсил маълумот берилди. Шунингдек, республикамиз ҳудудларида инновацион экотизимни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, технопарклар имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.
Мако шаҳри Марош дарёси бўйида, Руминия чегарасига яқин манзилда жойлашган бўлиб, 23 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шаҳар қишлоқ хўжалиги, туризм ва саноат соҳалари билан танилган бўлиб, “Мако пиёзи” Венгриянинг машҳур брендларидан биридир. Термал соғломлаштириш инфратузилмаси, жумладан “Hagymatikum Termal & SPA” маркази, шунингдек, тарихий меъморий обидалар ва гастрономик тадбирлар шаҳарнинг туристик жозибасини оширади.
Делегациянинг навбатдаги манзили “Vall-Ker Kft.” камин ишлаб чиқариш заводи бўлди. Бу ерда нафақат металл каминлар, балки турли иситиш печлари, грилл ускуналари ва металл конструкцияларни ишлаб чиқариш жараёни билан танишилди. Завод металлни кесиш, буклаш, пайвандлаш ва бўяш каби жараёнларни автоматлаштиргани ҳисобига кунига 200 тагача маҳсулот йиғиш қувватига эга. Корхона маҳалли бозорга маҳсулот етказиб бериш баробарида Германия, Дания, Буюк Британия каби давлатларга экспортни йўлга қўйган.
Ташриф давомида олинган маълумотлар саноат технологияларини ўрганиш, замонавий ускуналарни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича истиқболли йўналишларни белгилашга хизмат қилди.
Аввалроқ делегациямиз вакилларининг Чонград-Чанад вилояти Кенгаши Раиси Андраш Магори бошчилигида маҳаллий фермерлар, саноат ва инновацион кластерлар ҳамда йирик тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашганлари ҳақида ёзган эдик.
🔹Эслатиб ўтамиз, мазкур хизмат сафари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 июль куни Андижон вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ҳамда аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқлар бўйича 39-сон баёнда белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг 5 декабрь санасига қадар давом этади.








