Илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятда коррупцияга қарши курашишда рақамлаштиришнинг аҳамияти муҳим
2025-12-03 13:55:00 / Янгиликлар

Илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятда шаффофликни таъминлаш, коррупцион хавфларни бартараф этиш ва соҳада самарадорликни ошириш – бугунги галдаги энг долзарб вазифалардан бири. Коррупция давлатлар иқтисодиётга сезиларли даражада таъсир этувчи, ривожланишни кечиктирувчи, кишиларнинг ҳаёт сифатига тўғридан-тўғри таъсир этувчи омил сифатида замонавий жамиятнинг оғриқли нуқталаридан саналади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек “Башарият тарихига назар солсак, коррупция иллати ҳатто энг қудратли ва энг кучли давлатларни ҳам жар ёқасига олиб келганига ва тўлиқ пароканда қилганига гувоҳ бўламиз. Коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдиддир ва у барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги режаларимизга ҳам жиддий путур етказади”.
Жаҳон тажрибаси шуни тасдиқламоқдаки, илм-фан ва инновациялар жадал ривожланаётган шароитда рақамлаштириш коррупцияга қарши курашишнинг энг ишончли ва барқарор механизми сифатида намоён бўлмоқда.
Ўтган йилларга назар соладиган бўлсак, бундан қарийб 8-9 йил аввал илмий тадқиқот ва инновацион фаолият билан шуғулланиш ҳар бир ҳужжатнинг “кетидан шахсан юриш” дегани эди. Илмий тадқиқот билан боғлиқ жараёнларда у ёки бу аризани тўлдириш, имзолатиш, сўнгги нуқтага топширишгача ортиқча вақт ва ресурс сарфлангани ҳам рост. Ўша вақтларда буни бошидан ўтказган изланувчилар орасида шу каби бюрократиядан зада бўлганлар ҳам талайгина.
Бугун эса вазият тубдан ўзгарди. Давлат раҳбари бошчилигида мамлакатда коррупцияга чек қўйиш, унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Давлат хизматларини рақамлаштириш, ишни очиқ, ошкора ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ислоҳотларга мутаносиб тарзда Инновацион ривожланиш агентлиги коррупцияга қарши курашишда рақамлаштириш йўлидан боришни танлади. Бугун фолиятнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, масъулиятни ошириш, бюрократияни камайтириш ва давлат хизматларини соддалаштириш борасида қатор ижобий натижаларга эришилди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган 5 йил давомида Агентлик томонидан илмий ва инновацион фаолиятни рақамлаштириш мақсадида 11 та ахборот тизими ишлаб чиқилди. Иш юритишга оид 11 турдаги ички ҳужжатлар айланмаси тўлиқ рақамлаштирилди. Кўрсатилаётган рақамли хизматлар сони 8 тани ташкил этиб, шундан, 3 та электрон хизмат ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда 5 та хизмат Агентликнинг тегишли ахборот тизимлари орқали тақдим этиб келинмоқда. 39 турдаги маълумотларни Рақамли ҳукумат тизимига узатиш йўлга қўйилди.
Ҳозирга қадар рақамлаштирилиши талаб этиладиган умумий ҳисобда 546 та илмий ва инновацион фаолиятнинг 256 таси рақамлаштирилди. Шундан 33 таси автоматлаштирилди. Ахборот тизимлари орқали генерация қилинадиган ҳужжатлар сони 11 тага етказилди.
Таъкидлаш ўринлики, соҳада амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар ортиқча вақт ва ресурслар сарфини қисқартириш оқали илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчиларга қатор қулайликларни яратмоқда.
Биргина давлат илмий дастурларининг ягона электрон платформаси “loyiha.ilmiy.uz”нинг ишга туширилиши натижасида лойиҳа мавзулари шаклланишидан бошлаб, лойиҳа якуни бўйича мониторинггача бўлган барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилишига эришилди. Шу тариқа техник экспертиза ва молиявий экспертиза жараёнларини инсон омилисиз амалга оширилиши таъминланди. Мазкур тизим ишга тушмасидан аввал, яъни 2023 йилгача аризаларни кўриб чиқиш муддати аризалар келиб тушишидан бошлаб лойиҳалар молиялаштирилгунига қадар ўртача 8 ойдан 14 ойгача давом этган бўлса, 2025 йилдан ушбу муддат 5 ойдан 9 ойгача қисқартирилишига эришилди.
Олий таълимдан кейинги таълим тизимини мувофиқлаштириш, таълим жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, ортиқча қоғозбозликнинг олдини олиш мақсадида ягона электрон тизим “daraja.ilmiy.uz” ишга туширилди. 2025 йилда изланувчилар фаолияти самарадорлигининг мониторинги жараёнлари рақамлаштирилиб, “daraja.ilmiy.uz” электрон тизими Олий аттестация комиссиясининг илмий даражалар комплекс-таҳлилий ахборот тизими билан интеграция қилинди. Натижада илмий даражага талабгорлар аттестация ишини реал вақт режимида кузатиб боришлари учун имконият яратилди.
Жорий йилда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Академик ҳаракатчанлик” дастурини мувофиқлаштирувчи “akadem.ilmiy.uz” электрон тизими ҳам ишга туширилди. Ушбу ахборот тизими оқали талабгорларга “Академик ҳаракатчанлик” дастури учун ариза топшириш ва ариза ҳолатини онлайн кузатиб бориш имконияти яратилди ҳамда шаффофликни таъминлаш мақсадида келиб тушган лойиҳаларни баҳолаш ва ғолиб деб топилган лойиҳалар мониторинги жараёнлари тўлиқ электронлаштирилди.
Ёш олимларнинг хорижий илмий стажировкаларини ташкил этишда “internship.ilmiy.uz” ягона электрон тизими фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, танловларни эълон қилиш, таклифларни қабул қилиш, танлов иштирокчиларини саралаш жараёнининг шаффофлигини ошириш, ғолибларни хорижий илмий стажировкаларга юборишни расмийлаштириш, хорижий илмий стажировка якуни бўйича ҳисоботларни қабул қилиш каби жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилди.
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 2027 йилга қадар 290 та жараённи тўлиқ рақамлаштириш белгиланган. Шу мақсадда илмий ва инновацион фаолиятни рақамлаштириш ҳамда жараёнларни оптималлаштиришга қаратилган янги 18 та ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва 3 та ахборот тизимини такомиллаштириш режалаштирилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан амалга оширилаётган рақамлаштириш ислоҳотлари коррупцион хавфларни кескин қисқартириш билан бир қаторда илмий тадқиқот ва инновацион жараёнларнинг тезлиги, шаффофлиги ва самарадорлигини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Илм-фан соҳасида рақамли технологияларни жорий этишга фақат идора фаолиятини енгиллаштириш сифатида қарамаслик, балки мамлакатимизнинг инновацион тараққиёти, интеллектуал салоҳияти ва глобал рақобатбардошлигини таъминлайдиган стратегик омил эканини ёдда тутишимиз зарур.
Шу маънода, агентлик томонидан 2027 йилгача белгиланган рақамлаштириш дастурининг амалга оширилиши илмий экотизимни тубдан янгилайди, изланувчилар учун янада кенг имкониятлар очади ва энг муҳими — коррупцияга йўл қўймайдиган, шаффоф ва замонавий илмий муҳитни шакллантиради.
