Қўзиқорин етиштириш бўйича халқаро тажрибаси ўзлаштирилди
2025-11-28 17:00:00 / Янгиликлар

Маълумки, қўзиқорин етиштириш сердаромад соҳа саналади. Биргина “вешенка” нави 28 кунда ҳосилга кириб, бир ойда тўлиқ пишиб етилади. Битта икки килограмм шелуха солинган қопга жойланган уруғлар 10-12 килограммгача ҳосил беради. Афзаллик томони, уни йил давомида етиштириб, даромад олса бўлади, мавсум танламайди. Прогнозларга кўра айни дамда жаҳон бозорида 75 млрд долларга тенг экани айтилаётган қўзиқорин етиштириш саноати ҳажми 2032 йилга бориб 136 млрд долларга етиши кутиляпти. Европада ишчи кучи танқислиги шароитида ишлаб чиқаришнинг роботлаштирилиши самарадорликни оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Венгрияда бўлиб турган делегациямиз вакилларининг Будапешт яқинидаги “BIOFungi” қўзиқорин етиштириш марказида бўлиши ҳам бежиз эмас. Боиси, сўнгги йилларда республикамизда мазкур маҳсулот кўпгина юртдошларимиз томонидан нафақат уй шароитида, балки корхоналарда ҳам етиштирилмоқда. Демакки соҳага халқаро тажрибани олиб кириш, рақамлаштириш, инновацион ечимларни жорий этиш ва маҳаллий жараёнларга интеграция қилиш айни муддао.
“BIOFungi” Марказий Европадаги энг йирик ва тўлиқ автоматлаштирилган ишлаб чиқариш мажмуаси бўлиб, қўзиқорин етиштиришнинг барча босқичлари замонавий технологиялар асосида бошқарилади. 30 йилдан бери фаолият юритувчи корхона маҳсулотлари Германия, Полша, Италия, Дания ва Бельгия каби давлатларга экспорт қилинади.
Делегациямиз вакиллари, шунингдек, марказда қўлланилаётган инновацион ечим — ер ости энергиясидан фойдаланиб сув ҳароратини бошқариш орқали йилига 1 мегаватт энергия ишлаб чиқаришга имкон берувчи замонавий тизим билан ҳам яқиндан танишдилар. Ушбу технология ўзаро тажриба алмашинуви ва ҳамкорлик истиқболлари учун янги имкониятлар очмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур хизмат сафари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 июль куни Андижон вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ҳамда аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқлар бўйича 39-сон баёнда белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг 5 декабрь санасига қадар давом этади.




