Инновацион ривожланиш агентлиги вакиллари БМТ Тараққиёт учун фан ва технологиялар комиссиясининг навбатдаги сессиясида иштирок этди
2025-11-21 12:20:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги вакиллари Женева шаҳрида жойлашган БМТ қароргоҳида ўтказилган Тараққиёт учун фан ва технологиялар комиссиясининг “Илм-фан, технологиялар ва инновациялар сунъий интеллект даврида” мавзусидаги навбатдаги сессиясида иштирок этди. Мазкур йиғилишда глобал илм-фан ва инновация экотизимида юз бераётган ўзгаришлар, хусусан илмий тадқиқотлар очиқлиги ва инновацияларга тенг кириш имкониятларини таъминлаш, сунъий интеллектнинг бошқаруви ҳамда иқтисодиёт ва илмий тадқиқотларга таъсири муҳокама қилинди.
Агентлик директори маслаҳатчиси Фазилат Қодирова сессияда инновацион экотизмда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва сунъий интеллектга оид долзарб масалалар ҳамда маълумотлар хавфсизлиги борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.
Шунингдек, сессия доирасида бир қатор учрашувлар ўтказилиб, қўшма илмий лойиҳа ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, сунъий интеллектни масъулият билан жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, Сунъий интеллект суммити раҳбари, Тсюрих университети профессори A.Piotti ва Жон Ҳопкинс бизнес мактаби профессори R.Agarval билан учрашув ташкил этилиб, илмий-тадқиқот ва инновация соҳасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.


