Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда
2024-03-06 21:30:00 / Мажлислар

Бугунги кунда Президентимизнинг “Ёшларга эътибор” ҳамда “Инсон қадри учун” эзгу ғоялари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Инсон қадри улуғланаётган ана шундай тарихий шароитда маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида ички ишлар органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ҳудудларда кенг кўламли вазифалар амалга оширилмоқда.
Хусусан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ иштирокида Сирдарё вилоятнинг Гулистон шаҳри Аҳиллик маҳалласида жойлашган “Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази” биносининг очилиш маросими ўтказилди. Таъкидланишича мазкур Марказ 0,6 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, 26 нафар тарбияланувчиларга мўлжалланган.
Ўтказилган маросимда маҳалла фаолларнинг ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш, жиноят қилишга мойиллиги бор шахслар билан “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ишлаш бўйича “маҳалла еттилиги”нинг вазифаларидан келиб чиқиб, ёш тоифаси, ижтимоий ва моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳар бири билан алоҳида иш ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, республика ишчи гуруҳи томонидан “қизил ҳудуд” тоифасида бўлиб, криминоген шароитни яхшилашга қаратилган саъй ҳаракатлар натижасида “яшил ҳудуд” тоифасига ўтказилган Гулистон шаҳридаги “Тараққиёт” маҳалласидаги 5-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани ҳамда “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинида ўрганишлар ўтказилган бўлиб, масъул раҳбарлар ва шахсий таркибга аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этилиши, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ушбу ҳудудларнинг ижобий тажрибаси бошқа маҳаллаларда ҳам кенг қўлланилиши ҳақида тегишли топшириқлар берилди.
Давлат раҳбарининг “Вояга етмаганлар билан ижтимоий-ҳуқуқий ишлаш кластери”ни жорий этишга оид топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида республика ишчи гуруҳ томонидан Гулистон тумани “Зарбдор” маҳалласида жойлашган Ёшлар марказида вилоятда яшовчи ёшлар билан учрашув ўтказилди. Унда асосий эътибор ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш, уларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, зарурий анжомларни харид қилишида кўмаклашиш, ижтимоий шароити оғир бўлган оилаларга ишлаб чиқариш ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали ижтимоий мослашувини таъминлаш масалаларига қаратилди.
Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганишлар жараёнида республика ишчи гуруҳи томонидан Сайхунобод туманида жойлашган ҳамда ҳозирда ҳудудда яшовчи 6 нафар ёшларни бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган “Фаровон” маҳалласидаги Кичик саноат ҳудудида жойлашган “Сайхунобод Фаровон томорқа хизмати” МЧЖга қарашли иссиқхона, шунингдек 26 нафар ёшларни иш жойи билан таъминлаб келаётган Бахмалсой маҳалласида жойлашган “ООО Автодрайвер стади” МЧЖ фаолияти билан танишилди.
Бунда, соҳа масъуллари ҳамда сектор раҳбарлари томонидан ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш борасида ваколатли давлат идораларининг кундалик вазифаларини белгилаш зарурияти уқтирилди, жамоатчилик вакиллари ва ички ишлар органларининг бевосита аҳоли билан ишлаётган хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир жараёнида асосий эътибор, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳалларда шахсий хонадонлар ва жамоат жойларида видеокузатув қамровини ошириш, кўчаларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдаларга хавфсиз ҳаракатланиш учун зарур шароитларни яратиш ҳамда маҳалларда осойишталикни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қаратилмоқда.
Ўрганиш жараёнида, аниқланган барча камчиликлар соҳа масъуллари иштирокида танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг кундалик ўрганиш ишлари давом этмоқда.
ИИВ Ахборот хизмати