Давлат тили ва тартиб — ҳар биримизнинг масъулиятимиз!
2026-02-18 15:20:00 / Янгиликлар

Назорат тадбирлари М–37 автомагистрал йўли бўйидаги савдо дўконлари, овқатланиш ва маиший хизмат шохобчаларини қамраб олди. Ҳар бир ташқи ёзув, реклама баннери ва пешлавҳа атрофлича кўздан кечирилиб, уларнинг қонун талабларига мослиги ўрганилди.
Ўрганишлар давомида “Давлат тили ҳақида” ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига зид ўрнатилган айрим тарғибот воситалари аниқланиб, жойида бартараф этилди. Тадбиркорларга давлат тили меъёрларига риоя қилиш ва ташқи кўриниш маданиятига эътибор қаратиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шу билан бирга, тозалик ва ободонлаштириш ишларига бепарво муносабатда бўлган айрим фуқароларга берилган огоҳлантиришларга қарамасдан камчиликлар сақланиб қолгани кузатилди. Бу ҳолатлар жамоат манфаати ва туман кўринишига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун масъул ташкилотлар томонидан қатъий чоралар кўрилди.
Натижада белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаган шахсларга нисбатан қонуний жарималар қўлланилди. Бу каби тадбирлар нафақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, балки давлат тили нуфузини юксалтириш, туманимиз қиёфасини обод қилиш ва жамиятда масъулият муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.








