ҒИЖДУВОН ТУМАН ИИБ БОШЛИҒИ ПОЛКОВНИК ШАРИПОВ БАҲОДИРХЎЖА ЗАРИФОВИЧНИНГ ҒИЖДУВОН ТУМАНИ АҲОЛИСИГА ПРОФИЛАКТИК-ОГОҲЛАНТИРУВЧИ МУРОЖААТИ.
2026-02-11 17:20:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли Ғиждувон тумани аҳолиси! Бугунги кунда юртимизда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Бироқ, жиноятчиликни олдини олиш борасидаги таҳлиллар шундан далолат бермоқдаки, 2026-йилнинг ўтган январ ойи мобайнида туманимизда ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятлар ҳисобига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ижобий натижаларга эришилган.
Хусусан: 2026-йилнинг 1-ойида туманимизда жами 8 та жиноят содир этилган бўлиб, бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 7 тадан — 8 тага (14,3 фоиз) кўпайишига йўл қўйилганини кўрсатади.
Бугунги кунда оммалашиб бораётган ва аҳоли эҳтиёткор бўлиши лозим бўлган муҳим соҳалардан бири — интернет тармоқлари орқали содир этилаётган ўғирлик ва фирибгарликлардир. Бу жиноятлар оддий содда фуқароларимизнинг ишонувчанлигидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Эълонлар, онлайн кредитлар, “Ютуқ ютиб олдингиз”, “Пулингизни кўпайтириб берамиз” каби сохта хабарларга ишонманг!
Мисол учун, 2025-йилнинг 12 ойида 90 та жиноят ахборот технологиялари (интернет ва мобил иловалар) орқали амалга оширилган бўлиб, уларнинг 36 тасини фирибгарлик ва 46 тасини ўғирлик ва 8 тасини бошқа турдаги жиноятлар ташкил этади. Интернет тармоқлар орқали содир этилган жиноятларнинг асосий салмоғини тарлик хилдаги АРКлар, пулларини кўпайтириб бериш ва онлайн ўйинлар ташкил қилади.
Унутманг, Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади.
Содир этилган жиноятларнинг 30,8 фоизи — 8 та ҳолат — олди олиниши мумкин бўлган жиноятлардир. Бу эса ўз навбатида жамоавий ҳушёрликнинг етарли эмаслигини кўрсатади.
Олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг энг кўп салмоғини, 1 та фирибгарлик, 2 ўғрилик ва 3 та тан жароҳати билан боғлиқ жиноятларни ташкил қилаётганлиги, энг ачинарлиси тан жароҳати билан боғлиқ жиноятлар оила турмуш доирасидаги низолар оқибатида содир этилмоқда.
Унутманг! Сизнинг соғлигингиз ва умрингиз, ҳар қандай вақтдан ёки неъматдан устундир.
Содир этилган 2 та ўғирлик жиноятларининг чорва моллари ва хонадон ўғирликларини ташкил қилаётганлиги, фуқароларимизни ўзларига тегишли мол-мулкларини қаровсиз қолдираётганликларидан далолат беради. Зеро, бугунги кунда аҳоли хонадонлари ва савдо мажмуаларига кузатув камераларини ўрнатиш, ўғирлик жиноятларини олдини олишда самарали натижа кўрсатаётганлигини унутмаслигимиз лозим.
Шу боисдан сиз азиз юртдошлардан қуйидагиларга қатъий амал қилишингизни сўрайман: — Мулкий хавфсизликни таъминлаш: уй, автомашина ва шахсий буюмларга эътиборли бўлинг, чорва молларингизни далада қаровсиз қолдирманг; — Интернет орқали харидлар ёки молиявий оператсиялар амалга оширилганда эҳтиёт бўлинг; — Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга аҳамият беринг, уларни назоратсиз қолдирманг; — Маҳаллангизда шубҳали шахслар ва ҳолатлар бўйича ИИБ ходимларига ёки “112” қисқа рақамга хабар беринг; — Оиладаги низоларни зўравонликсиз, қонуний йўллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилинг; — Хонадонингиз ва бошқа кўчмас мулкларингиз атрофида кузатув камераларини ўрнатинг ва кузатув камерларини ўрнатиш борасида қўни-қўшниларингиз орасида тарғиб қилинг.
Бугунги кунда туман миқёсида қидирувда бўлган 15 нафар шахслар ҳали ҳам ушланмаган. Фуқаролардан ушбу шахслар тўғрисидаги маълумотлар бўйича ҳамкорлик қилишларини сўраймиз.
Ҳурматли тумандошлар! Жиноятчиликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу — барчамизнинг умумий бурчимиз!
Туманимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда фаол иштирок этиш — ҳар бир юртдошимизнинг Ватан олдидаги масъулиятидир. Биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш олиб боришга чақираман.
Келажагимиз фаровон ва хавфсиз бўлиши — бизнинг бугунги ҳаракатимизга боғлиқ. Эътиборингиз учун раҳмат!
