ҒИЖДУВОНДА УСТУВОР РEЖАЛАР ВА АМАЛИЙ ЛОЙИҲАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ.
2026-02-06 18:45:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида туманда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари билан амалий мулоқот ўтказилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Ҳар бир маҳалланинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда манзилли ёндашув зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда 2026 йилга мўлжалланган режалар, истиқболли лойиҳалар ва замонавий лойиҳавий ёндашувлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, инвеститсия жалб этиш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини кучайтириш бўйича туман ҳамда банк тизими ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” маҳаллалари ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир маҳаллаларда амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ дастурлар тақдим этилди. Инфратузилмани яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Мулоқот якунида ҳоким ёрдамчилари томонидан илгари сурилган амалий лойиҳалар, ижара ерлардан самарали фойдаланиш, “бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида экин экиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Белгиланган вазифаларнинг изчил ижроси туман иқтисодиёти барқарор ўсишига, аҳоли фаровонлиги ва қонунийлик тамойиллари мустаҳкамланишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.









