ҒИЖДУВОНДА “ЯШИЛ ЭНEРГИЯ” ВА ЗАМОНАВИЙ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЙЎЛИДА МУҲИМ СEМИНАР ЎТКАЗИЛДИ.
2026-02-05 18:15:00 / Янгиликлар

Семинарда туманнинг Гулистон, Обод, Сарвари ва Зарангари ҳудудлари фермер хўжаликлари раҳбарлари кенг қамровда қатнашиб, соҳадаги долзарб вазифалар ва устувор йўналишлар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида пиллачилик, ғаллачилик ва пахтачилик тармоқларида янгича ёндашувлар, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва ҳосилдорликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, электр энергиясини тежаш, сув насосларини энергия самарадор ускуналарга алмаштириш ҳамда қуёш панеллари орқали қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш зарурлиги бўйича аниқ тушунтиришлар берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, “яшил энергия”га ўтиш — бугунги кун талаби. Бу борада Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш — келажак авлод олдидаги энг муҳим вазифаларимиздан биридир.”
Ҳудудларда ўрнатиладиган қуёш панеллари ва сув насосларининг узлуксиз ҳамда хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида кузатув камералари ўрнатиш тартиби ва техник талаблари юзасидан ҳам аниқ маълумотлар тақдим этилди.
Семинар якунида банк муассасалари томонидан фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш механизмлари ва молиявий имкониятлар батафсил тушунтирилиб, иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берилди. Мазкур тадбир ҳудудда замонавий ёндашувлар асосида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлди.









