Ғиждувон туманида тараққиёт ва бунёдкорлик ишлари янги босқичга чиқмоқда.
2026-01-08 15:50:00 / Янгиликлар

Мазкур қарор ижроси доирасида вилоят ишчи гуруҳи Ғиждувон туманида амалга оширилаётган янги лойиҳалар, ишлаб чиқариш иншоотларининг моддий-техник ҳолати ҳамда аҳолига даромад манбаи яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан жойига чиқиб танишди.
Вилоят молия-иқтисодиёт мажмуаси таркибига кирувчи ташкилот ва идоралар, шунингдек, тижорат банклари масъуллари ҳамроҳлигида ўтказилган ўрганишларда илғор корхоналар барқарор фаолиятини таъминлаш, жорий йилда амалга оширилиши кўзда тутилган янги лойиҳалар ижроси, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, даромад манбаларини яратиш ҳамда бизнес ташаббусларини моддий рағбатлантиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, “Оқгул” маҳалласида “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида аҳоли фойдаланишига берилган ижара ер майдонларида ташкил этилган мини иссиқхоналар фаолияти билан танишилди. Маълумот учун, 4 гектар ижара ер майдонида барпо этилган мини (дугали) иссиқхоналарда сабзи ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бу эса аҳоли учун барқарор даромад манбаини яратишда муҳим қадам бўлмоқда.
Шунингдек, “Саидкент” маҳалласи ҳудудида Зарафшон дарёси бўйида ташкил этилаётган замонавий соҳилбўйи дам олиш маскани лойиҳаси кўздан кечирилди. Лойиҳа доирасида дарё бўйи ҳудудини бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қурилиш ишларининг умумий қиймати 7,4 млрд сўмни ташкил этиб, ҳозирга қадар 5,3 млрд сўм ёки 72 фоизи молиялаштирилган.
Ишчи гуруҳ Ғиждувон туманидаги “Нурафшон” маданият ва истироҳат боғини замонавий қиёфага келтириш ишлари билан ҳам танишди. Бу ерда кириш йўлларини кенгайтириш, таъмирлаш, замонавий аттраксионлар, спорт майдончалари ва турли кўнгилочар масканлар барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасидаги қурилиш ишлари 5,8 млрд сўмга баҳоланиб, ҳозирда 3,9 млрд сўм ёки 67 фоизи молиялаштирилган.
Бундан ташқари, Чорсу маҳалласидаги “Маданият маркази” ҳамда “Қўрғон” очиқ осмон остидаги туризм маҳалласида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам кўздан кечирилди. Хусусан, “Қўрғон” маҳалласида собиқ 10-сон мусиқа мактаби биносини реконструксия қилиш орқали ҳунармандлар маркази ташкил этилиши режалаштирилган.
Мазкур марказда ҳунармандлар учун “шоврум”лар, сайёҳлар учун маҳорат дарслари (мастер-класс) ўтказиладиган жойлар ҳамда фолклор жамоалар чиқишлари учун саҳна барпо этилади. Бу эса Ғиждувон туманининг туристик салоҳиятини янада ошириш, миллий ҳунармандчиликни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Шунингдек, “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ф. Эшпўлотов кўчасида 0,6 км масофадаги бир томонлама йўлни 24/7 режимда фаолият юритувчи гастрономик, савдо-сервис ва туризм кўчасига айлантириш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида умумий қиймати 6,9 млрд сўмлик қурилиш ишлари олиб борилиб, ҳозирга қадар 5,4 млрд сўм ёки 79 фоизи молиялаштирилган.
Амалга оширилаётган ушбу лойиҳалар Ғиждувон туманини иқтисодий жиҳатдан ривожланган, аҳоли учун қулай ва сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.






