РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2025-12-10 18:05:00 / Расмий муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-майдаги ПФ–88-сон Фармони ҳамда ПҚ–185-сон Қарори ижроси доирасида Ғиждувон туманида бирламчи тиббий хизматни тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли ва яқин тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш борасида кенг кўламли тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман Соғлиқни сақлаш бўлими қайта ташкил этилиб, ҳудудларда аҳолига максимал яқинликни таъминлаш мақсадида 31 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, аҳолининг шошилинч тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжини тезкор қондириш мақсадида Зарангари МФЙ ҳудудида 2-сон тез тиббий ёрдам подстансияси ташкил этилиб, чақирувларга хизмат кўрсатиш вақти сезиларли даражада қисқартирилди.
“Янгиер” МФЙда яшовчи фуқаро Пўлат Эшимов томонидан билдирилган мурожаат туман мутасадди раҳбарлари, соғлиқни сақлаш бўлими масъуллари, маҳалла раиси ҳамда ҳудудий ижтимоий ходим иштирокида жойига чиқиб батафсил ўрганилди. Ўрганиш жараёнида фуқаронинг ёлғиз яшаши, келини ва ўғлининг иш билан бандлиги сабабли доимий парваришга муҳтож экани, шунингдек, энг яқин оилавий шифокор пунктигача бўлган масофа 3 километрни ташкил этиши аниқланиб, ушбу ҳолатлар инобатга олинди. Натижада фуқаро учун зарур ижтимоий ва тиббий кўмак чоралари белгиланди, патронаж хизматига олиниши, доимий тиббий кузатувни ташкил этиш бўйича масъуллар бириктирилди.
Шунингдек, мақолада тилга олинган жароҳатланиш ҳолати ҳам алоҳида тартибда ўрганилди. Тиббиёт ходимлари томонидан фуқаронинг саломатлиги тўлиқ кўздан кечирилиб, яралар бирламчи битгани, ҳозирги вақтда қўшимча тиббий аралашувга эҳтиёж йўқлиги аниқланди. Фуқаронинг умумий аҳволи қониқарли деб баҳоланди ва кейинги тиббий назорат шифокор ҳамда фелдшер томонидан давом эттирилиши белгиланди.
“Янгиер” ҳудудида илгари фаолият юритган фелдшер Ато Эсановнинг иш фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилди. У аҳолига янада яқин ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида 19-сон Оилавий поликлиникага 1,0 штат бирлигида ишга ўтказилди. Ҳозирда А. Эсанов меҳнат таътилида бўлиб, январ ойидан бошлаб “Янгиер” МФЙ ҳудуди бўйича тўлиқ патронаж хизматларини қайта тиклайди.
Хулоса қилиб айтганда, мурожаат юзасидан туман мутасадди раҳбарлари, соғлиқни сақлаш бўлими масъуллари ҳамда маҳалла вакиллари томонидан жойига чиқиб фуқаро билан бевосита суҳбат ўтказилди, мавжуд муаммолар ҳар томонлама кўриб чиқилди ва уларнинг ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Фуқароларнинг ижтимоий, тиббий ва маиший эҳтиёжлари доимий назоратга олинди ҳамда зарур ёрдамлар босқичма-босқич етказиб берилиши таъминланади.
Шунингдек, мурожаат келиб тушган “Янгиер” қишлоғида ҳафтанинг душанба куни тиббиёт раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирокида сайёр қабул ташкил этилиши белгиланди. Ушбу сайёр қабул давомида ҳудуд аҳолининг барча тиббий ва ижтимоий муаммолари жойида ўрганилиб, тезкор ҳал этиш чоралари кўрилади.
