“Гулобод ёғоч бозорида тунги махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
2026-10-12 11:30:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ш. Файзуллаев раҳбарлигида Самарқанд туманида жойлашган “Гулобод ёғоч” бозорида тунги вақтда махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Ўқув машқидан кўзланган асосий мақсад — бозорда юзага келиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг тезкор ҳаракатланиши ва амалий тайёргарлигини ошириш, шунингдек, жалб этилган куч ва воситаларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Машғулот давомида шартли ёнғин ҳолати юзасидан амалий ҳаракатлар бажарилди. Ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг воқеа жойига тезкор етиб келиши, вазиятни баҳолаши, куч ва воситаларни тўғри жойлаштириши ҳамда ёнғинни ўчириш ишларини ташкил этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Бозорда ёғоч маҳсулотлари ва бошқа тез алангаланувчи материаллар мавжудлигини инобатга олган ҳолда, шартли ёнғиннинг кенгайиб кетишининг олдини олиш, оловни ўраб олиш ва уни қисқа вақт ичида бартараф этиш бўйича ҳаракатлар машқ қилинди. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда тегишли хизматларнинг ҳамкорликда ҳаракат қилиши ҳамда мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш масалалари синовдан ўтказилди.
Ўқув машқи давомида белгиланган вазифалар амалий жиҳатдан бажарилиб, жалб этилган куч ва воситаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари синовдан ўтказилди.
Бундай машғулотлар ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг касбий маҳоратини ошириш, фавқулодда вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда инсонлар ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан бозорларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарликни оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.









