Иситиш мавсумини хавфсиз бошлайлик!
2026-10-09 10:50:00 / Янгиликлар

Иштихон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан «Иситиш мавсумини хавфсиз бошлайлик» ойлиги доирасида аҳоли хонадонларида ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, тумандаги Қ. Қаршиев ва Намуна маҳаллаларида волонтёрлар ҳамкорлигида маҳаллабай ва хонадонбай тартибда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирлар давомида фуқароларга иситиш мавсумида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, иситиш печлари ва мўриларни соз ҳолатда сақлаш, электр иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш ҳамда газ жиҳозларини ишлатишда белгиланган талабларга амал қилиш юзасидан тушунчалар берилмоқда.
Шунингдек, табиий газ ва бошқа ёқилғи воситаларидан нотўғри фойдаланиш, носоз иситиш ускуналари ҳамда шамоллатиш тизимларининг талаб даражасида ишламаслиги ис газидан заҳарланиш, ёнғин ва ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши каби нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида аҳоли огоҳлантирилмоқда.
Волонтёрлар иштирокида ташкил этилаётган ушбу тадбирлар орқали фуқароларнинг фавқулодда вазиятларга нисбатан огоҳлигини ошириш, хавфсизлик маданиятини шакллантириш ва ҳар бир хонадонда эҳтиёт чораларига амал қилинишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёдда тутинг: хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш — ўз ҳаётингиз ва яқинларингиз ҳаётини асрашнинг муҳим гаровидир!




