Хавфсизликка эътибор — фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш гарови
2026-10-06 15:15:00 / Янгиликлар

Иштихон туманида ўтказилаётган “Иситиш мавсумини хавфсиз бошлайлик” ойлиги доирасида 1-сон техникумда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида техникум биносидаги ёнғинга қарши тизимлар, эвакуация йўлаклари, электр тармоқлари ва иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, педагоглар ва талабалар иштирокида ўқув-амалий семинар ташкил этилиб, унда ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари, электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, куз-қиш мавсумида иситиш мосламаларини тўғри ишлатиш ҳамда фавқулодда вазият юзага келганда тўғри ҳаракат қилиш тартиби тушунтирилди.
Иштирокчиларга носоз ва қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, электр тармоқларига ортиқча юклама бермаслик, газ ва электр жиҳозларини назоратсиз қолдирмаслик ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Бундай профилактик тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида хавфсизлик маданиятини ошириш ва куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишга хизмат қилади.








