Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисоботлар тингланди
2026-09-30 20:10:00 / Янгиликлар

Бугун Самарқанд вилоятида 2026–2027-йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, энергетика ва газ тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Эрта тонгдан берилган йиғин сигнали асосида Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ситуация марказида масъул раҳбарлар ва тегишли хизматлар вакиллари жамланди.
Унда Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Н. Қодиров, вилоят ҳокими ўринбосари Н. Раҳмонов, Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғи Ғ. Мухамедов, Самарқанд ҳарбий прокурори ўринбосари Б. Худойбердиев, шунингдек, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) хизматлари раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда ўқув машқининг мақсад ва вазифалари, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, энергетика ва газ тизимларининг барқарор фаолиятини таъминлаш ҳамда эҳтимолий фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг, масъул соҳа вакилларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш якунида вилоят ҳудудларида белгиланган сценарийлар асосида ўтказиладиган махсус-тактик ўқув машқларига старт берилди.








