Раҳбар ва ёшлар: очиқ мулоқот ва самимий суҳбат
2026-09-25 09:55:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида тизимга янги ишга қабул қилинган ёш ҳарбий хизматчилар билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Унда Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғи, полковник Ғ. Мухамедов иштирок этиб, ёш ҳарбий хизматчилар билан очиқ ва самимий мулоқот қилди.
Учрашувнинг асосий мақсади тизимга янги қабул қилинган ёш ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолиятига мослашувини ўрганиш, уларнинг фикр ва таклифларини тинглаш, хизмат давомида дуч келаётган масалаларни муҳокама қилиш ҳамда келгусидаги фаолияти учун зарур тавсиялар беришдан иборат бўлди.
Мулоқот давомида ёш ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолияти, касбий қизиқишлари, келгусидаги мақсадлари ва тизимда ўз ўрнини топишига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Бошқарма бошлиғи ёш ҳарбий хизматчиларга Фавқулодда вазиятлар тизимида хизмат қилиш катта масъулият, интизом ва фидойиликни талаб этишини таъкидлади. Ҳар бир ходим ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариши, касбий билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориши, хизмат интизомига қатъий риоя қилиши лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, ёш ҳарбий хизматчиларга тажрибали ходимлардан ўрнак олиш, устозлар тажрибасидан унумли фойдаланиш, амалий машғулотларда фаол иштирок этиш ва фавқулодда вазиятларда тезкор ҳамда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш юзасидан тавсиялар берилди.
Суҳбат давомида ёш кадрлар учун жамоада соғлом маънавий-руҳий муҳитни таъминлаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қонунийлик ва ҳалоллик тамойилларига қатъий амал қилиш муҳимлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Айниқса, хизмат фаолиятида ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, хизмат ваколатларидан фақат қонун доирасида фойдаланиш, ҳар бир вазифага масъулият билан ёндашиш зарурлиги тушунтирилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув давомида ёш ҳарбий хизматчиларнинг фикрлари тингланиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Бундай очиқ мулоқотлар ёш ходимларнинг хизматга мослашуви, касбий салоҳиятини ошириши, раҳбарият билан бевосита фикр алмашиши ҳамда тизим олдидаги вазифаларни чуқур англашида муҳим аҳамият касб этади.
Самарқанд вилояти ФВБда ёш ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва ёш кадрлар салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.









