Имом Бухорий мажмуаси ҳудудидаги меҳмонхонада махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
2026-09-15 10:00:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда қутқарув бўлинмаларининг тезкор ҳаракатланиш кўникмаларини ошириш мақсадида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Ўқув машқи Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида жойлашган меҳмонхоналардан бирида ташкил этилди.
Машқ сценарийсига кўра, меҳмонхона биносида шартли ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига ФВБнинг ёнғин-қутқарув бўлинмалари жалб этилиб, қисқа вақт ичида ёнғин ўчоғини аниқлаш, уни бартараф этиш, бинода қолиб кетган фуқароларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш ҳамда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.
Шунингдек, меҳмонхона ходимларининг фавқулодда вазият юзага келгандаги ҳаракатлари, хабар бериш, эвакуацияни ташкил этиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш ҳолати амалиётда синовдан ўтказилди.
Ўқув машқи давомида қутқарув бўлинмаларининг ўзаро ҳамкорлиги, махсус техника ва жиҳозлардан самарали фойдаланиши ҳамда белгиланган вазифаларни тезкор ва сифатли бажариш кўникмалари мустаҳкамланди.









