Ургут туманида “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси доирасида профилактик тадбирлар давом этмоқда
2026-09-07 15:30:00 / Янгиликлар

Юртимизда 1 сентябрдан 30 сентябрга қадар ўтказилаётган “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси доирасида Самарқанд вилоятининг Ургут туманида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ургут тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан бозорлар, савдо марказлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, тадбиркорлик субъектлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, қурилиш объектлари ҳамда аҳоли хонадонларида профилактик ўрганишлар ташкил этилмоқда.
Тадбирлар давомида объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул шахслар ва фуқароларга амалий тавсиялар берилмоқда.
Хусусан, бозорлар ва савдо марказларида тадбиркорлар ҳамда сотувчилар билан суҳбатлар ўтказилиб, электр тармоқлари ва жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, эвакуация йўлакларини тўсиб қўймаслик, ёнғинга қарши воситаларни шай ҳолатда сақлаш зарурлиги тушунтирилмоқда. Бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш тартиби амалий тарзда кўрсатиб берилиб, фуқароларга тегишли эслатмалар тарқатилмоқда.
Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида эса ёнувчан ва портловчи моддалар билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, очиқ оловдан фойдаланмаслик, чекиш бўйича белгиланган талабларга амал қилиш ҳамда ёнғинга қарши воситаларнинг созлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таълим ва тиббиёт муассасаларида ўтказилаётган тадбирлар давомида ёнғинга қарши тизимларнинг ҳолати, эвакуация йўлаклари, электр ва газ ускуналаридан фойдаланиш хавфсизлиги ўрганилмоқда. Муассаса масъулларига ёнғин содир бўлганда ходимлар ва фуқароларни хавфсиз эвакуация қилиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш ҳамда бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Қурилиш объектларида ҳам профилактик назорат тадбирлари ташкил этилиб, ишчиларга меҳнат ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, газ ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар берилмоқда.
Шунингдек, маҳаллабой ва хонадонбай тарзда олиб борилаётган тарғибот тадбирлари давомида фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиниб, уларга электр ва газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, болаларни назоратсиз қолдирмаслик, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш юзасидан тавсиялар берилмоқда.
“Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси доирасидаги бундай профилактик тадбирлар ёнғинларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилиш ҳамда аҳолида хавфсизлик маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.







